Жорий йилнинг май ва июнь ойларида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги маҳаллаларда фуқаролар йиғини раислигига сайловлар ўтказилади. Маҳалла тизимини ислоҳ қилиш ва унинг жамиятдаги ролини янада кучайтиришга қаратилган ушбу ижтимоий-сиёсий тадбирга Наманган вилоятида ҳам киришилди.
Наманган шаҳрининг Даштбоғ маҳалласида ўтказилган овоз бериш жараёни “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонун талаблари асосида ўтди. Очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида, фуқароларнинг фаол иштироки билан амалга оширилган тадбирда барча зарурий шарт-шароитлар яратилди. Қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришларга кўра, эндиликда ўзини ўзи бошқариш органи раисининг ваколат муддати беш йил этиб белгиланди. Бу ўз навбатида, маҳалла йўлбошчиларига узоқ муддатли режалар асосида иш олиб бориш имконини яратади.
Сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси ишчи гуруҳи томонидан маҳалла фуқаролар йиғини раислиги учун уч нафар номзод тақдим этилгани айтиб ўтилди. Сўзга чиққан раисликка номзодлар беш йилликка мўлжалланган дастурларини маълум қилди. Уларда аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, тинчлик-осойишталикни таъминлаш ва жиноятчиликнинг олдини олиш, мактаблар билан узвий алоқа боғлаган ҳолда таълим сифати ва давоматига эътиборни кучайтириш, хонадонларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маҳаллада миграция рўйхатини шакллантирган ҳолда хорижга узоқ муддатга кетган фуқаролар ва уларнинг оилалари билан мунтазам ишлаш, фуқароларни тадбиркорликка жалб этиш ва кичик бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш сингари хайрли мақсадлар акс этган.
[gallery-23119]
Эътироф этиш жоиз, Даштбоғ маҳалласида сўнгги йилларда салмоқли ютуқларга эришилди. Маҳалла номи билан аталган кичик саноат зонасида ҳозирги кунда элликдан ортиқ тадбиркорлик субъектларида минглаб маҳаллий аҳоли доимий меҳнат қилмоқда. Биргина охирги уч йилда 60 дан зиёд янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. 50дан ортиқ кишига бизнесни бошлаш ва ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар тақдим қилинди.
Икки юздан зиёд фуқаро расмий иш ўринларига эга бўлди. Ўн аёлга субсидия асосида хонадонларида даромад олишлари учун тикув машиналари олиб берилди. Ўттиздан ортиқ фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди. Олти тоифада “Аёллар дафтари” шакллантирилиб, юздан ортиқ хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатилди. Ажрим ёқасига келиб қолган оила яраштирилди. Ижтимоий кўмакка муҳтож ўғил-қизга “Ёшлар дафтари” орқали 13 та йўналишда кўмак кўрсатилди. “Қизил ҳудуд” тоифасида турган маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кескин камайиши ҳисобига “сариқ ҳудуд”га айланишига эришилди.
Ёпиқ овоз бериш усулидаги сайлов натижаларига кўра, амалдаги раҳбар Раҳматулло Жабборов беш йил муддатга “Даштбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланди. Унга маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим, солиқ ва профилактика инспекторлари билан яқин ҳамкорликда ҳамжиҳатликда истиқболи режаларни амалга оширган ҳолда, маҳалла ободлиги ва ривожи йўлида фаол ишлашга чақирилди.
Маълумот ўрнида, Наманган шаҳридаги мавжуд 62 та маҳалла фуқаролар йиғинида сайлов жараёнлари шу йилнинг 24 майига қадар давом этиб, унда 186 нафар номзод орасидан муносиб топилганлари раисликка сайланади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА