Юртимизда байрамларга катта тайёргарлик кўриш, маҳалла ва кўчаларни ободонлаштириш, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш яхши анъанага айланди. Шу маънода Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги “Янги авлод” маҳалласини мисол қилиш мумкин. Бу ерда “Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди.
Маҳаллада 1 515 та хонадон мавжуд бўлиб, унда қарийб 6 800 нафар аҳоли истиқомат қилади. Улар орасида ёшлар ҳам, нуроний кексалар ҳам бор. Маҳалла хотин-қизлар фаоли Феруза Кубаеванинг таъкидлашича, аҳолининг катта қисми Гулистон шаҳрига яқинлиги сабабли тадбиркорлик, савдо-сотиқ ва ишлаб чиқариш билан шуғулланади. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг кўпчилиги ҳоким ёрдамчиси кўмагида имтиёзли кредит олиб, хонадонларида иссиқхоначилик, паррандачилик ва касаначилик йўналишида ўз фаолиятини йўлга қўйган.

Умумхалқ ҳашарида маҳалла аҳли фаол иштирок этди. Кўчалар тозаланди, жамоат жойлари ободонлаштирилди. Мақолда айтилганидек: “Озода жойда файз бўлади”. Шу тариқа маҳалла аҳли мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллигини муносиб тарзда кутиб олмоқда.
Ҳашар доирасида маданий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказилди. “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остида спорт мусобақалари ташкил этилди, кекса авлод вакиллари иштирокида болажонлар учун маънавий суҳбатлар бўлиб ўтди. Маҳалланинг фольклор жамоаси томонидан тинчлик ва осойишталикни улуғловчи қўшиқлар янгради.

– Тинч фаровон юртга ҳашар ҳам, байрам ҳам ярашади. Шундай юртда яшаётганимдан бахтиёрман, – дейди маҳалланинг Маънавият кўчасида истиқомат қилаётган меҳнат фахрийси Қўчқор Усмонов. – Бир замонлар бу ерлар пахтазор ва ғаллазор эди. Ҳозир эса намунавий лойиҳадаги уйлар, мактаб, боғча, бозор ва ишлаб чиқариш комплекслари барпо этилди. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига мингдан-минг раҳмат айтамиз.

Шу билан бирга, Президентнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга оид қарори ижроси доирасида маҳаллада ишсиз ва даромадсиз қатлам билан манзилли ишлар ташкил этилди. 94 нафар фуқаро касб-ҳунарга йўналтирилди, 124 нафар хотин-қиз тикувчилик, пазандачилик, сартарошлик каби йўналишларда ўз фаолиятини йўлга қўйди. Ёшлар эса мавжуд соҳларга йўналтирилмоқда.

– Ҳоким ёрдамчиси кўмагида “Ишга марҳамат” мономарказида тикувчиликни ўргандим, – дейди маҳалла аёлларидан Муҳаббат Алибекова. – Давлат берган имкониятдан фойдаланиб, ўз ишимни бошладим. Бугунги кунда нафақат ўзим ишлаяпман, балки шогирдларимга ҳам ҳунар ўргатяпман.

Ҳоким ёрдамчиси Шерзод Сатторовнинг таъкидлашича, маҳалланинг “драйвери”дан келиб чиқиб, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлардан бир нечтасига имтиёзли кредит ажратилган ва уларнинг тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилган.
Шундай қилиб, боёвутликлар юрт тинчлиги ва мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрамини қизғин меҳнат, ободонлик ишлари билан муносиб кутиб олмоқда. Умумхалқ ҳашарида амалга оширилган ҳар бир иш, қўйилган ҳар бир саъй-ҳаракат – Ватанга муҳаббат ва келажакка садоқатнинг амалий ифодасидир. Бирдамлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм сурган жойда барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт мустаҳкамланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири