Ватан тараққиёти, юрт равнақи ва аҳолининг турмуш фаровонлиги, аввало, маҳалладан бошланади. Чунки маҳалла — халқнинг бирдамлиги, меҳнатсеварлиги ва эзгу анъаналарини намоён этувчи ҳаётий мактабдир. Шу боис муқаддас Рамазон ойи ва баҳор фаслининг илк кунларида нишонланадиган Наврўз умумхалқ байрами арафасида мамлакатимизда маҳаллаларни ободонлаштириш, аҳоли яшаш муҳитини янада гўзал ва қулай қилишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 февралдаги “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш тўғрисидаги фармойишига мувофиқ, республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам кенг кўламли умумхалқ хайрия ҳашари ташкил этилди. Маҳалла фаоллари, корхона ва ташкилот ходимлари, ёшлар, нуронийлар ва минглаб фидойи аҳоли вакиллари бирлашиб, юрт ободлиги йўлида елкадош бўлмоқда.

Вилоятдаги 221 та маҳаллада ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашарининг биринчи кунида 1 392 нафар “Маҳалла еттилиги” аъзолари, 10 мингдан ортиқ маҳалла фаоллари, кўча ва уй бошилар ҳамда 233 минг 663 нафар аҳоли иштирок этди. Улардан 111 минг 448 нафари ёшлар, 80 минг 835 нафари эса аёллар эди. Қўлларида белкурак, кетмон, супурги ва боғдорчилик асбоблари билан чиққан фуқаролар маҳаллалар кўрки, кўчалар тозалиги ва яшилликни кўпайтиришга муносиб ҳисса қўшишди.
– Бу хайрия ҳашари нафақат маҳаллалар кўрки ва кўчалар тозалиги билан чекланиб қолмайди, балки аҳолимизнинг бирдамлиги, меҳнатсеварлиги ва юртга муҳаббатини намоён этадиган улкан ижтимоий ҳаракатдир, – дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Уйғун Ҳотамов. – Маҳаллаларда фаолият кўрсатувчи ҳар бир киши ёшидан қаригача, ҳар бир оила ва фуқаро ўз ҳиссасини қўшиб, юрт ободлигига хизмат қилади. Шунингдек, ҳашарда қатнашиш орқали аҳолига ижтимоий масъулият, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳи уйғунлаштирилади, бу эса мамлакатимизда барқарор тараққиёт ва турмуш фаровонлигини таъминлайди.

Ушбу хайрия ҳашар доирасида 1 184 гектар майдон ободонлаштирилди, 1 123 тонна маиший чиқиндилар чиқариб ташланди ва 872 км ариқ ва лотоклар тозаланди. Ишларни ташкил этиш, ерни ҳайдаш, ариқ ва зовурларни тозалаш ҳамда чиқиндиларни чиқариб ташлаш учун 573 та техник восита жалб қилинди. Шу билан бирга, 139 минг 237 та дарахтга шакл бериб, оқлаш ишлари амалга оширилди.
Бундан ташқари, 126 та қабристон ва 2 та зиёратгоҳ, 4 063 та кўча, 466 та болалар майдончаси тартибга келтирилди. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига қарашли 7 354 та хонадоннинг томорқалари чопилиб, тартибга келтирилди. Шу билан бирга, 1 263 та оиланинг 27 539 кв.м уй-жойлари таъмирланди. Эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилган ёрдамлар учун 848 млн сўм сарфланди, 457 та оила эса “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳамда ҳомийлар ҳисобига 388 млн 450 минг сўм миқдорида моддий ёрдам олди.

– Шу тариқа, “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади” шиори остида ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари нафақат ободонлаштириш тадбири, балки халқимизнинг бирдамлиги, меҳнатсеварлиги ва юртга муҳаббатини намоён этган улкан ижтимоий ҳаракат сифатида алоҳида аҳамият касб этди. Маҳаллалардаги ҳамжиҳатлик, ўзаро кўмак ва фидойилик руҳи жамиятда ижобий муҳитни мустаҳкамлаб, юртимизни янада гўзал, файзли ва обод қилаётганини яққол кўрсатмоқда, – дейди Уйғун Ҳотамов.
Ғулом Примов, ЎзА