Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида интернет тармоғи орқали ақидапарастлик ғоялари сингдирилган материалларни тарқатиш билан шуғулланган шахс фаолиятига чек қўйилди.
Хусусан, Наманган шаҳрида яшовчи, 1999 й.т. фуқаро “Ж.А.” “Телеграм” мессенжери орқали Россия Федерациясида ишлайдиган “Шуҳрат” исмли шахс билан танишиб, диний мавзуларда ўзаро ёзишмаларни амалга оширади.
Янги таниши эса унга халқаро террористик ташкилотлар ва диний экстремистик оқимларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган “Абу-Салоҳ”, “Абдуллоҳ Зуфар”, “Содиқ Самарқандий” ва бошқаларнинг аудио, видео маърузаларини юбора бошлайди.
Натижада “Ж.А.” “Телеграм” мессенжерида канал очиб, унинг аъзоларига ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган электрон китоблар, фото, аудио, видео материалларни тарғиб қилади.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида “Ж.А.” ҳуқуқ-тартибот идораларига чақиртирилиб, унинг мобиль алоқа воситаси текшириб кўриш мақсадида олиб қолинади.
Сўнгра “Ж.А.” эски телефони орқали “Шуҳрат” билан боғланиб, бўлган воқеани айтганида, “Шуҳрат” ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари уни қўлга олиши мумкинлигини айтиб, зудлик билан Қозоғистонга чиқиб кетиши кераклигини билдиради. Шундан кейин “Ж.А.” Тошкент вилоятига бориб, “Ғишт-кўприк” халқаро ўтказиш пунктидан Қозоғистон Республикасига ўтишни режа қилади. Аммо, хорижга чиқиш паспорти йўқлиги боис, унинг режаси амалга ошмайди.
Сўнгра “Шуҳрат” билан қайта боғланиб, ундан Фарғона вилоятининг Қува туманига бориш ҳамда у ердан айланма йўллар орқали Қирғизистонга ўтиб кетиш топшириғини олади. Шунингдек, “Шуҳрат” унга Қирғизистонга чиқиш йўлларини ҳам ўргатади.
Натижада “Ж.А.” “ўзбек-қирғиз” давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринган вақтида қўлга олинади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хулосасига кўра, “Ж.А.” томонидан “Телеграм” мессенжери орқали тарқатилган материаллардаги маълумотлар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.
Унинг содир этган ноқонуний хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилди ва жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди томонидан “Ж.А.”га нисбатан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/0wzApaTVszw" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>