1999 йил Жиззах вилоятида туғилган Х.Б. 2019 йил ишлаш мақсадида Россия Федерациясига бориб, ижтимоий тармоқлар орқали “Тавҳид ва жиҳод катибаси”, “Туркистон ислом ҳаракати” каби террористик ташкилотлар тарафдорларининг таъсирига тушиб қолади.
Улар билан бўлган виртуал мулоқотларда Суриядаги вазият, “жиҳод” қилиш, у ерга бориш йўл-йўриқлари ва харажатлари бўйича фикрлар алмашади.
Шунингдек, Телеграм мессенжерида виртуал канал очиб, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга даъват этувчи ҳамда ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарғиб қилиш билан шуғулланади.
2021 йил Ўзбекистонга қайтиб келгач, ижтимоий тармоқларда ақидапарастлик мазмунидаги материалларни тарқатишни давом эттиради.
Давлат хавфсизлик хизматининг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Жиноят ишлари бўйича Пахтакор туман суди томонидан мазкур шахс Жиноят кодексининг 159 ва 2441-моддалари билан айбдор деб топилиб, унга 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
ЎзА