Давлат хариди предметининг ўртача бозор ҳамда бошланғич нархини аниқлаш тартиби белгиланди
Давлат харидлари тизимида муҳим янгилик: бозор нархларини аниқлаш бўйича вақтинчалик низом тасдиқланди. Бу қарор давлат маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини оширадими?
Ҳукуматнинг тегишли қарори билан “Давлат хариди предметининг ўртача бозор ҳамда бошланғич нархини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги вақтинчалик низом тасдиқланди.
2026 йилнинг 8 сентябрида қабул қилинган мазкур Вақтинчалик низом давлат буюртмачилари томонидан давлат харидларини амалга ошириш учун давлат хариди предметининг ўртача бозор ҳамда бошланғич нархини аниқлаш тартибини белгилайди.
Мазкур Вақтинчалик низом 2028 йил 31 декабргача амал қилади.
Низомга кўра, давлат буюртмачиси:
Давлат харидлари учун ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиши, шу жумладан, товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилишдан кўрилган фойда (наф), уларнинг сифати ва қиймати ўртасидаги мақбул нисбатни таъминлаши;
Давлат харидларининг мақсадга мувофиқлиги ва зарурлиги, товарни (ишни, хизматни) танлашда унинг хусусиятлари, шунингдек, давлат харидларини ўтказиш харажатларини ва товар (иш, хизмат) қийматининг асосланганини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириши;
Ҳар бир давлат харидини амалга оширишда харид предметининг ўртача бозор нархини ўрганиши шарт.
Харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишдан олдин давлат буюртмачиси нархлар модули орқали харид предметининг ўртача бозор нархини шакллантиришда охирги 90 кунда шаклланган бозор нархлари бўйича маълумотлардан фойдаланади.
Харид предметининг ўртача бозор ва бошланғич нархи электрон маълумотномаси белгиланган намунавий шаклда шакллантирилади ва унда қуйидагилар акс эттирилади:
Харид предмети;
Ўрганилган манбалар, шу жумладан, товарлар (иш, хизматлар) ҳақидаги маълумотлар;
Харид предметининг ўртача бозор ва бошланғич нархини аниқлаш бўйича ҳисоб-китоблар.
Шербек Исломов, ЎзА