Бухоро осмонга янги дарвоза очмоқда
Қадимий Бухоро яна бир улкан бунёдкорлик лойиҳаси билан жаҳон ҳамжамияти эътиборини ўзига қаратмоқда. Минг йиллик тарих ва бой маданий меросга эга бўлган ушбу шаҳар яқин келажакда Марказий Осиёдаги энг замонавий авиация марказларидан бирига айланиши мумкин. Бу эса нафақат вилоят аҳолиси, балки миллионлаб сайёҳлар ва ишбилармонлар учун янги имкониятлар эшигини очади.
Бухорода давлат-хусусий шериклик асосида ва уни бошқариш бўйича ўтказилаётган тендернинг биринчи босқичи муваффақиятли якунланди. Лойиҳанинг халқаро миқёсда катта қизиқиш уйғотгани унинг нақадар истиқболли ва стратегик аҳамиятга эга эканлигини яна бир бор тасдиқлади.
Маълум қилинишича, мазкур йирик инфратузилма лойиҳасида иштирок этиш истагини дунёнинг турли давлатларидан 51 та халқаро ва маҳаллий компания билдирган. Техник, ҳуқуқий ҳамда молиявий мезонлар асосида ўтказилган пухта баҳолаш жараёнлари натижасида 6 та нуфузли халқаро компания дастлабки саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, тендернинг кейинги босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Лойиҳа Бухоро туманидаги “Қумсултон” массивида амалга оширилади. Бу ерда замонавий архитектура ва илғор муҳандислик ечимларини ўзида мужассам этган янги халқаро аэропорт мажмуаси барпо этилади. Унинг таркибида соатига 1600 нафаргача йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга замонавий терминал, кейтеринг маркази, кенг автотураргоҳлар, юк ташиш майдонлари ва ёнилғи қуйиш инфратузилмалари қурилиши режалаштирилган.

Муҳим жиҳатлардан бири шундаки, аэродромнинг стратегик аҳамиятга эга асосий инфратузилмаси давлат тасарруфида сақланиб қолади. Хусусий шерик эса йўловчи терминали ва унга туташ хизмат кўрсатиш объектларини қуриш, жиҳозлаш ва бошқариш вазифаларини амалга оширади. Бу эса давлат ва хусусий секторнинг энг яхши тажрибаларини уйғунлаштирган ҳолда самарали бошқарув тизимини шакллантириш имконини беради.
Мазкур лойиҳа мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган стратегик ташаббусларнинг амалий ифодаси ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йилда Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳудуднинг улкан туризм салоҳиятини янада рўёбга чиқариш мақсадида янги халқаро аэропорт қуриш бўйича муҳим топшириқлари берилган эди. Жорий йилнинг 10 апрель куни Президент Бухорога ташрифи чоғида мазкур лойиҳанинг концепцияси ва қурилиш режалари билан шахсан танишди.
Янги аэропорт ва унга туташ инфратузилмаларни барпо этиш учун шаҳар ташқарисидан 370 гектар ер майдони ажратилган. Бу эса келажакда мажмуани янада кенгайтириш ва қўшимча хизматлар жорий этиш имконини яратади.
Шу билан бирга, аэропортга олиб борувчи замонавий автомобиль йўли қурилиши ҳам режалаштирилган. Унинг умумий узунлиги 23,8 километрни ташкил этади. Лойиҳа доирасида 2,7 километр мутлақо янги йўл қурилиб, 21,1 километр мавжуд йўл реконструкция қилинади. Шунингдек, ҳаракат хавфсизлиги ва қулайлигини таъминлаш мақсадида 2 та йўл ўтказгич, 9 та ерости пиёдалар йўлаги ҳамда 8 та кўприк барпо этилади.
Лойиҳага мувофиқ, аэропортда узунлиги 3,3 километр бўлган замонавий учиш-қўниш йўлаги қурилади. У барча турдаги замонавий ҳаво кемаларини қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, юқори сифатли хизмат кўрсатиш стандартлари асосида ташкил этиладиган аэровокзал мажмуаси йўловчилар учун максимал қулайликларни тақдим этади.
Мутахассислар фикрича, мазкур аэропорт нафақат транспорт инфратузилмасининг янги объекти, балки Бухоронинг иқтисодий тараққиёти учун кучли драйвер вазифасини бажаради. У халқаро авиақатновлар географиясини кенгайтириш, сайёҳлар оқимини бир неча баробар ошириш, инвестицияларни жалб қилиш ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
Энг муҳими, янги аэропорт қадимий Бухорони жаҳоннинг йирик туристик ва ишбилармонлик марказлари билан янада яқинлаштириб, шаҳарнинг халқаро нуфузини янги босқичга олиб чиқади. Бу лойиҳа мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, замонавий инфратузилма ва очиқ иқтисодиёт сиёсати самараларининг ёрқин намунаси бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири