Бухоронинг янги аэропорти халққа ва ҳудуд иқтисодига қандай фойда келтиради?
Президент ташрифидан сўнг...
Бу ерда тарих жонланиб кетаётгандай гўё. Бошқа томондан қаралса, бу жой келажакка очилган дарвозага ўхшайди. Мана ҳозир Арк қўрғонидаман. Сал наридаги Пои Калон ва Лаби Ҳовуз ансамблларини ҳам томоша қилдим.
Шаҳар ҳавосидан тарихнинг ифори келади. Сайёҳларга кўрсатилаётган хизматларга эътибор қилганингда эса замонавий руҳни ҳис қиласан. Германияга қайтсам бу ҳаяжонимни ҳамма яқинларимга ҳикоя қиламан. Ўйлайманки, мен каби ҳайратга тушганларнинг жонли таассуротлари яна минг-минглаб сайёҳларни шу заминга чорлайди...
Бу таассуротлар немис сайёҳи Йоҳнас Байерга тегишли. Унинг сўзларини тинглар эканман қалбим ғурурга тўлди. Бухорога келиб-кетувчи сайёҳлар қисқа даврда яна бир-неча карра кўпайса керак деган фикр ўтди хаёлдан.
Ҳа, вақт шиддати ва глобал туризм талаблари янги марраларни белгилашни тақозо этмоқда. Президентимизнинг вилоятга ташрифи нафақат ҳудуд иқтисодиёти, балки қадим кентнинг дунё билан боғланиш нуқтасини тубдан ўзгартирадиган улкан лойиҳага дебоча бўлди.
Шавкат Мирзиёев 10 апрель куни Бухорога ташрифи давомида шаҳарнинг янги халқаро аэропорти лойиҳаси билан яқиндан танишди. Мазкур лойиҳа ҳудуднинг транспорт салоҳияти, балки иқтисодий қиёфасини ҳам янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Лойиҳага кўра, янги аэропортда барча турдаги ҳаво кемаларини қабул қилиш имконига эга учиш-қўниш йўлаги қурилади. Унинг узунлиги 3,3 километр бўлади. Шунингдек, соатига 1 минг 200 нафар йўловчига юқори даражада хизмат кўрсатиш қувватига эга аэровокзал мажмуаси барпо этилади.
Ушбу транспорт иншооти ҳамда унга туташ инфратузилмани барпо этиш учун шаҳар ташқарисидан жами 370 гектар ер майдони ажратилган. Ушбу катта лойиҳа доирасида умумий узунлиги қарийб 24 километр бўлган аэропортга олиб борувчи автомобиль йўли ҳам қурилади. Шунингдек, йўл бўйида 2 та йўл ўтказгич, 9 та ер ости пиёдалар ўтиш жойи ва 8 та кўприк барпо этилиши назарда тутилган.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов билан мазкур лойиҳанинг аҳамияти ва ўзига хос жиҳатлари ҳақида қисқа суҳбат қилдик.
– Илҳом Рустамович, Бухоронинг транспорт инфратузилмасидаги бугунги ўзгаришларнинг моҳияти нимада?
– Бухоронинг замонавий транспорт тизимини такомиллаштириб бориш стратегик вазифа саналади. Сўнгги йилларда ҳудудда йўл ва кўприклар қурилиши изчил тус олди. Сайёҳлар оқими йилдан-йилга ортиб бораётгани тизимни тубдан трансформация қилишни талаб этмоқда. Давлатимиз раҳбари 2024 йил Бухорога ташрифи чоғида туризм салоҳиятини ошириш учун янги аэропорт барпо этиш топшириғини берган эдилар. Мақсадимиз ватандошларимиз ва хорижий меҳмонлар учун энг юқори халқаро стандартларга жавоб берадиган сервис масканини яратишдир.
– Янги аэропорт қурилишига бўлган заруратни мисоллар билан изоҳласангиз?
– Асосий омил амалдаги аэропортнинг шаҳар ичида қолгани ва инфратузилмасининг маънавий эскирганидир. Шаҳар кенгаймоқда, аҳоли зичлиги ошмоқда. Янги аэропорт шаҳардан 23 километр узоқликда, кенг имкониятли ҳудудда қуриляпти.
Лойиҳа давлат-хусусий шериклик тамойили асосида амалга оширилмоқда. Ҳозирда давлат мажбуриятидаги қурилиш ишларига киришилган. Хусусий шерикни аниқлаш бўйича икки босқичли тендер якунланиш арафасида. Президентимиз сифат назоратига алоҳида урғу бердилар. Шу боис, халқаро тоифадаги консультант-инженерларни жалб этганмиз. Улар нафақат қурилишни, балки келгусида аэропортни бошқариш жараёнларининг халқаро стандартларга мувофиқлигини ҳам кафолатлайди.
Аэропортга энг замонавий навигация ва радиолокация ускуналари ўрнатилади. Бу иқлим шароитидан қатъи назар, парвозлар хавфсизлигини юқори даражада таъминлашга хизмат қилади. Мухтасар айтганда, бу шунчаки бино эмас, балки Бухоронинг келгуси кўп йиллик эҳтиёжларини қоплайдиган технологик мажмуа бўлади.
Вазир билан суҳбатлашар эканмиз, янги аэропорт лойиҳаси фақат бунёдкорлик иши эмаслигини англаймиз. Дарҳақиқат, бу Бухоронинг дунё иқтисодий ва сайёҳлик харитасидаги ўрнини мустаҳкамлаш сари ташланган навбатдаги қадам саналади. Шаҳар четида, 370 гектарлик майдонда бўй кўрсатажак бу иншоот кўплаб янги иш ўринлари, қанчадан-қанча сайёҳлар ва вилоятга кириб келадиган янги инвестициялар деганидир.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири