Бухоронинг янги сайёҳлик дарвозаси
Бухоро — тарих ва замонавийлик уйғунлашган, дунё сайёҳларини ўзига мафтун этиб келаётган бетакрор замин. Асрлар силсиласида шаклланган бой маданий мерос, муҳташам меъморий обидалар, миллий ҳунармандчилик ва меҳмондўстлик анъаналари бугун вилоятнинг энг катта иқтисодий имкониятларидан бири — туризмни янада юксалтириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугун Бухорода туризмни янги босқичга олиб чиқадиган, нафақат сайёҳларни қабул қилиш, балки уларга замонавий, сифатли ва халқаро талабларга мос хизматлар кўрсатишга мўлжалланган улкан лойиҳага қадам қўйилмоқда. Бу — янги аэропорт йўли бўйлаб жойлашган бўш ер майдонларидан самарали фойдаланган ҳолда замонавий туризм кластери ташкил этиш ташаббусидир.
Лойиҳанинг биринчи босқичида 1 минг гектар ер майдонини туризм инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтириш режалаштирилган. Энг муҳими, бу оддий қурилиш лойиҳаси эмас. Бу Бухоронинг эртанги туристик қиёфасини белгилаб берадиган, янги иқтисодий имкониятлар эшигини очадиган кенг қамровли тараққиёт майдони бўлади.
Кўзда тутилган туризм кластерида замонавий ва халқаро талабларга жавоб берадиган бренд меҳмонхоналар, ресторанлар, савдо ва сервис объектлари, кўнгилочар масканлар, сайёҳлар учун зарур бўлган бошқа инфратузилма объектлари барпо этилади.
Бундай ёндашув Бухорога келаётган меҳмонларнинг вақтини мазмунли ўтказиши, турли хизматлардан бир жойнинг ўзида фойдаланиши ва саёҳат таассуротларини янада бойитиш имконини беради.

Айни пайтда кластернинг аҳамияти фақат сайёҳлар учун қулайлик яратиш билан чекланмайди. Лойиҳа орқали янги иш ўринлари яратиш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш, тадбиркорлик субъектлари сонини кўпайтириш ва уларнинг фаолиятини кенгайтириш учун ҳам катта имкониятлар пайдо бўлади. Яъни бу ҳудуд келгусида сайёҳлар учун янги манзил, тадбиркорлар учун янги бозор, ёшлар учун янги иш ўринлари ва вилоят иқтисодиёти учун янги ўсиш нуқтасига айланиши мумкин.
Мазкур лойиҳани мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг муҳим драйверига айлантириш, ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, хусусий сектор фаоллигини оширишга қаратилган давлат раҳбари ташаббусларининг Бухоро вилоятидаги амалий давоми сифатида баҳолаш мумкин.
Зеро, туризмни ривожлантириш — бу фақат меҳмонхона ёки сайёҳлик маскани барпо этиш эмас. Бу транспорт, савдо, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик, маданият, кўнгилочар индустрия ва бошқа кўплаб соҳаларни бир вақтнинг ўзида ҳаракатга келтирадиган катта иқтисодий занжирдир.
Шу маънода, янги туризм кластери Бухоронинг мавжуд салоҳиятини замонавий инфратузилма билан боғлаб, янги иқтисодий қиймат яратиши билан аҳамиятли.
Айни шу масалалар вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг туризм ва меҳмонхона соҳасида фаолият юритаётган бухоролик тадбиркорлар билан мулоқотида атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда янги туризм кластерининг мақсад ва вазифалари, ҳудудда яратиладиган инфратузилма, тадбиркорлар учун мавжуд имкониятлар ҳамда истиқболда амалга ошириладиган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Мулоқотнинг эътиборли жиҳати шундаки, лойиҳанинг келажаги тадбиркорларнинг фикр ва таклифлари билан уйғун ҳолда кўриб чиқилди. Иштирокчилар Бухоронинг замонавий туристик қиёфасини янада бойитиш, сайёҳлар учун қулай ва жозибадор муҳит яратиш, хизматлар турини кўпайтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.
Айниқса, хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш, янги сервис турларини жорий қилиш, сайёҳлар учун замонавий дам олиш масканларини ташкил этиш, ҳудуднинг ўзига хос миллий қиёфасини сақлаган ҳолда замонавий архитектура ечимларидан фойдаланиш каби таклифлар лойиҳанинг мазмун-моҳиятини янада бойитиши шубҳасиз.
Бухоро бугун дунёга ўзининг минг йиллик тарихи билан танилган бўлса, эртага у тарихий мерос ва замонавий туризм уйғунлашган янги қиёфа билан янада кўпроқ сайёҳларни жалб этиши мумкин.
Янги аэропорт йўли бўйида барпо этиладиган туризм кластери ана шу мақсадга хизмат қилади. У шаҳарга кириб келаётган меҳмонлар учун ўзига хос янги туристик дарвоза вазифасини бажариши, Бухоронинг замонавий ва жозибадор қиёфасини намоён этиши кутилмоқда.

Бу ерда меҳмонхонадан тортиб ресторангача, савдо ва сервисдан кўнгилочар масканларгача бўлган хизматларнинг ягона экотизимга бирлашиши туристик хизматлар сифатини янги даражага олиб чиқиши мумкин.
Энг муҳими, лойиҳа амалга ошиши билан Бухорода туризмнинг янги географияси шаклланади. Сайёҳлар фақат тарихий марказда эмас, балки замонавий туристик кластерда ҳам ўзлари учун қизиқарли ва мазмунли манзилларни топиш имконига эга бўлади.
Учрашув якунида вилоят ҳокими Ботир Зарипов тадбиркорлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, уларни амалиётга татбиқ этиш муҳимлигини таъкидлади.
Илгари сурилган таклифларни чуқур ўрганиш, белгиланган вазифаларни сифатли амалга ошириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва мавжуд масалаларни тезкор ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири