Халқаро тендер ғолиби аниқланди
Бухоронинг халқаро транспорт-логистика салоҳиятини ошириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва вилоятнинг жаҳон авиация тармоғига интеграциялашувини кенгайтириш йўлида муҳим қадам ташланмоқда. “Янги Бухоро” халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик асосида қуриш ва бошқариш бўйича халқаро тендернинг барча босқичлари якунланиб, ғолиб консорциум аниқланди.
Тендер натижаларига кўра, Туркиянинг Limak İnşaat Sanayi ve Ticaret A.Ş. ҳамда Қатарнинг Hamad Bin Khalid Contracting Company W.L.L. компаниялари консорциуми ғолиб деб топилди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, ҳудудларнинг иқтисодий ва туристик имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир.
Маълумки, 2026 йил 12 март куни “Янги Бухоро” халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик асосида қуриш ва бошқариш лойиҳаси бўйича очиқ халқаро тендер эълон қилинган эди. “Қуриш-топшириш-бошқариш” (Build-Transfer-Operate — BTO) модели асосида ташкил этилган танлов икки босқичда — дастлабки малака саралаши ва кейинги таклифларни баҳолаш жараёнларида ўтказилди. Биринчи босқичдан муваффақиятли ўтган олти нафар иштирокчи иккинчи, якуний босқичда иштирок этди. Натижада идоралараро тендер комиссияси томонидан ғолиб консорциум аниқланди.
Лойиҳа шартларига кўра, хусусий шерик соатига 1 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга янги йўловчи терминали, вокзалолди майдони, автотураргоҳ ҳамда уларга туташ инфратузилмани қуриш ва бошқаришни амалга оширади. Давлат шериги эса аэродром мажмуаси, жумладан, учиш-қўниш йўлаги ва перронни қуриш ҳамда бошқариш учун масъул бўлади.
Кейинги босқичда умумий муддати 23 йилни ташкил этадиган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзолаш режалаштирилган. Ушбу муддатнинг уч йилгача бўлган қисми қурилиш ишларига ажратилади.
“Uzbekistan Airports” компанияси вакилларининг таъкидлашича, Бухорода янги аэропорт барпо этилиши ортиб бораётган халқаро меҳмонлар оқимини қабул қилиш, ҳудуднинг хорижий давлатлар билан ҳаво қатновларини кенгайтириш ва сайёҳлик жозибадорлигини оширишга хизмат қилади. Очиқ халқаро тендернинг ўтказилиши эса нуфузли хорижий компанияларнинг лойиҳага бўлган қизиқишини намоён этди.
Дарҳақиқат, бугун Бухоронинг иқтисодий ва туристик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда замонавий транспорт инфратузилмаси ҳал қилувчи омиллардан бирига айланмоқда. Зеро, сайёҳ учун тарихий обидаларнинг жозибаси билан бир қаторда, манзилга етиб келиш қулайлиги, транспорт хизматлари сифати ва халқаро қатновлар имконияти ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Айниқса, Бухоро каби жаҳон маданий меросининг ноёб марказларидан бири учун замонавий аэропортнинг аҳамияти янада катта. 1993 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган шаҳар ҳар йили хорижий сайёҳлар, тадқиқотчилар ва ишбилармонларни ўзига жалб этади. Янги аэропорт эса ушбу салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, туризм ва хизматлар соҳасида янги иқтисодий имкониятлар яратиш учун муҳим инфратузилмавий асос бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Ушбу ташаббус Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган ҳудудларни комплекс ривожлантириш, транспорт тизимини модернизация қилиш, инвестицияларни кенг жалб этиш ва Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатнинг амалий ифодасидир. Давлат-хусусий шериклик механизмидан фойдаланиш эса йирик инфратузилма лойиҳаларига хорижий инвестициялар, замонавий технологиялар ва илғор бошқарув тажрибасини жалб этиш имконини беради.
Эътиборли жиҳати, янги аэропорт нафақат йўловчиларга хизмат кўрсатувчи иншоот, балки Бухоронинг халқаро иқтисодий ва туристик харитадаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган стратегик аҳамиятга эга лойиҳадир. Унинг самарали амалга оширилиши янги авиақатновлар, сайёҳлик хизматлари, тадбиркорлик ва бандлик имкониятларининг кенгайишига замин яратиши мумкин.
“Янги Бухоро” халқаро аэропортини қуриш ва бошқариш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 августдаги қарорига мувофиқ “Uzbekistan Airports” АЖ томонидан Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири