Абу-Даби музокарасидан нима кутиляпти? (+видео)
Қарийб тўққиз ойлик танаффусдан сўнг Москва, Киев ва Вашингтон Россия – Украина низосини тугатиш бўйича музокарани тикламоқчи. Учрашув 10-11 ноябрь кунлари Абу-Дабида бўлиб ўтади. Бу ҳақда "ВВС" нашри хабар бермоқда.
Музокара бошланишидан олдин Россия, Украина ва АҚШ расмийлари учрашувда биринчи навбатда, хавфсизлик масаласи муҳокама қилинишини айтди.
Қайд этилишича, анжуманда фақат Москва ва Киев эмас, балки бутун қитъа хавфсизлигига дахлдор масалалар ҳам кўриб чиқилиши кутиляпти. Шу боис, Европа давлатлари ҳукуматлари ҳам Бирлашган Араб Амирликларига ўз вакилларини юбормоқда.
Бир неча кун олдин Дональд Трамп Вашингтонда Россия президентининг махсус вакили Кирилл Дмитриев билан учрашди. Суҳбатдан сўнг Америка етакчиси тез орада “йирик ва ажойиб келишув”га эришилишига ишонч билдирди.
Россия расмийлари ҳам БААда хавфсизлик кафолати масаласи кўтарилишини тасдиқлади.
– Абу-Дабидаги музокара кун тартибининг биринчи масаласи Россия, Украина ва умуман, минтақадаги хавфсизликка дахлдор, – деди РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров. – Биз бундай ёндашувни фақат қўллаб-қувватлаймиз.
Владимир Зеленский эса бутун Европа эмас, айнан Украина хавфсизлигига тааллуқли кафолат муҳимлигини таъкидлади.
“The New York Times” маълумотига кўра, Россия, Украина ва АҚШ бу гал ўт очишни тўхтатиш масаласини муҳокама қилмайди.
Кремль аввал ҳам зиддиятни тўлиқ якунлаш бўйича келишув имзоланмагунча, Москва ҳарбий ҳаракатда вақтинча танаффус қилишдан манфаатдор эмаслигини бир неча бор билдирган.
Кенжа Бекжонов,
Искандар Исматов (видео),
ЎзА