Минтақа олимлари табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича тажриба алмашди
Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида Музликлар эриши ва тоғ кўлларининг ёрилиши билан боғлиқ хавфларни камайтиришга қаратилган GLOFCA минтақавий лойиҳаси доирасида IV минтақавий семинар бўлиб ўтди.
ЮНЕСКО томонидан Мослашув жамғармаси кўмагида ташкил этилган ушбу тадбир минтақа мамлакатларининг фавқулодда вазиятлар ва илмий доиралар вакилларини бир даврага жамлади. Семинарда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъуллари ҳамда мамлакатимизнинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари фаол иштирок этди.
Иқлим ўзгариши глобал миқёсда кузатилаётган энг жиддий муаммолардан бири бўлиб, Марказий Осиё минтақаси, хусусан, унинг тоғли тизимлари ушбу жараённинг салбий оқибатларини биринчилардан бўлиб ҳис қилмоқда. Экологик мувозанатнинг бузилиши натижасида тоғлардаги асрий музликларнинг жадал эриши кузатилмоқда ва бу ўз навбатида, музлик кўлларининг сони ҳамда ҳажми ортишига олиб келмоқда. Бундай сув ҳавзаларининг тўлиб тошиши ёки тўсиқларининг ёрилиши эса қуйи оқимда жойлашган аҳоли пунктлари, инфратузилма объектлари ва трансчегаравий дарё ҳавзалари учун жиддий сел ва сув тошқини хавфини туғдиради.
Семинар давомида Марказий Осиё мамлакатларида музлик кўлларининг ёриб чиқиши билан боғлиқ хавф-хатарларни камайтириш, эрта огоҳлантириш тизимларини такомиллаштириш, лойиҳа доирасида эришилган натижалар ва илғор тажрибалар муҳокама қилинди.
Мазкур анжуман нафақат соҳадаги мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш, балки замонавий эрта огоҳлантириш тизимларини жорий этиш, тоғли ҳудудлар мониторингини кучайтириш ва трансчегаравий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда ўзаро тажриба алмашиш учун стратегик майдон вазифасини ўтади.Тадбир якунида миллий ва минтақавий даражадаги хулосалар ҳамда келгусидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган стратегик тавсиялар ишлаб чиқилди.
Қайд этилганидек, мазкур семинар натижалари Марказий Осиё мамлакатларининг иқлим ўзгариши, музликлар эриши ва музлик кўлларининг ёриб чиқиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар хавфига нисбатан барқарорлигини ошириш, шунингдек, аҳолини эрта огоҳлантириш тизимларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА