Украина АҚШ ва Россия билан музокарага тайёргарлик кўрмоқда
Украина делегацияси Бирлашган Араб Амирликларида дастлаб Ғарб ҳамкорлари билан маслаҳатлашув ўтказади, кейин Украина, АҚШ ва Россия иштирокидаги уч томонлама музокарада қатнашади. Бу ҳақда мамлакат Ташқи разведка хизмати раҳбари Рустем Умеров маълум қилди.
Мулозим ижтимоий тармоқ саҳифасида ёзишича, биринчи учрашувда Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, НАТО ва Европа комиссияси вакиллари йиғилади. Шунингдек, АҚШ вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер ҳам маслаҳатлашувга қўшилади. Томонлар уч томонлама музокара олдидан ёндашувни мувофиқлаштириш ва кейинги қадамларни белгилашни мақсад қилган. Делегация таркибидан Кирилл Буданов, Давид Арахамия, Сергей Кислица ва Вадим Скибицкий ҳам ўрин олган. Таъкидланишича, асосий эътибор ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш, урушдан кейинги ишончли хавфсизлик кафолатини таъминлаш, мамлакат иқтисодиётини тиклаш ва гуманитар масалаларни ҳал этишга қаратилади.
Россия, Украина ва АҚШ иштирокидаги уч томонлама музокаранинг 10-11 ноябрь кунлари Абу-Дабида ўтказилиши режалаштирилган навбатдаги босқичи 2026 йил февраль ойидан буён мазкур форматдаги илк учрашув ҳисобланади.
Бунга қадар АҚШ воситачилигидаги мулоқотнинг биринчи ва иккинчи босқичлари 23-24 январь ҳамда 4-5 февраль кунлари Абу-Дабида, учинчи босқичи 17-18 февраль кунлари Женевада бўлиб ўтган. Шу тариқа ноябрь ойидаги учрашув жорий йилдаги тўртинчи босқич бўлиши кутиляпти.
Музокарада асосий масала сифатида ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш шарти, ҳудудий низо ва хавфсизлик кафолати кўриляпти. Москва хавфсизлик ва ҳудудий келишув бўйича ўз талаби инобатга олинишини талаб қиляпти. Киев эса ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий ҳаракат қайта бошланишининг олдини олиш учун халқаро кафолат зарурлигини таъкидламоқда. Музокара Президент Дональд Трамп маъмурияти воситачилигида олиб борилмоқда. Вашингтон Россия ва Украина урушини тугатиш бўйича келишувга эришишга кўмаклашмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА