573 миллиард сўмлик солиқ низолари судга етмасдан ҳал этилди
Ўзбекистонда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, солиқ тўловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат органлари билан тадбиркорлар ўртасидаги низоларни судгача ҳал этиш механизмини кучайтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараён, бир томондан, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминласа, иккинчи томондан, судларга тушадиган иш ҳажмини қисқартириш ҳамда давлат органлари қарорларининг шаффофлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июль ҳолатига қўмитага жами 573,1 миллиард сўмлик 129 та солиқ низоси юзасидан шикоят келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг асосий қисми солиқ аудити натижалари билан боғлиқ. Жумладан, 91 та мурожаат – 439,1 миллиард сўмлик солиқ аудити натижалари юзасидан, 38 та мурожаат – 134 миллиард сўмлик сайёр солиқ текширувлари бўйича келиб тушган.
Бу эса тадбиркорлик субъектлари томонидан айнан солиқ аудити жараёнларида қабул қилинган қарорлар юзасидан кўпроқ эътирозлар билдирилаётганини кўрсатади. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, 12,5 миллиард сўмлик 7 та шикоят бўйича солиқ тўловчиларнинг важлари қисман асосли деб топилди. Улардан 6 тасида 11,7 миллиард сўмлик низо бўйича қабул қилинган қарорларга тегишли ўзгартишлар киритилди.
Бу ҳолат судгача низоларни ҳал қилиш механизми фақат назорат эмас, балки солиқ тўловчиларнинг қонуний ҳуқуқларини тиклашга ҳам хизмат қилаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, 109 та мурожаат бўйича ўтказилган ҳуқуқий таҳлиллар натижасида 407,4 миллиард сўмлик қарорлар қонунчилик талабларига мувофиқ деб топилди ва улар ўз кучида қолдирилди. Мурожаат муаллифларига қабул қилинган қарорларнинг ҳуқуқий асослари ҳамда қонунчилик талаблари бўйича белгиланган тартибда батафсил тушунтиришлар берилди.
Ҳозирги кунда 153,2 миллиард сўмлик 13 та мурожаат юзасидан қўшимча ўрганиш ишлари давом этмоқда. Уларнинг натижалари қонунчиликда белгиланган муддатларда қабул қилиниши кутилмоқда.
Экспертларнинг қайд этишича, солиқ низоларини судгача кўриб чиқиш тартиби бир қатор муҳим афзалликларга эга. Хусусан, у низоларни тезкор ҳал этиш, ортиқча суд харажатларини камайтириш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини ошириш, тадбиркорлар билан давлат ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Солиқ қўмитаси томонидан мурожаатларни қонунчилик асосида кўриб чиқиш амалиёти солиқ соҳасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, адолатли қарорлар қабул қилиш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга хизмат қилаётган муҳим механизм сифатида баҳоланмоқда.
Ш. Маматуропова, ЎзА