Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши
Ёшларни олий таълим билан янада кенгроқ қамраб олиш, олий таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 июндаги “Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–279-сон қарорига мувофиқ:
1. 2022/2023 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари:
а) бакалаврлар тайёрлаш бўйича:
кундузги таълим шаклига – 77 477 нафар этиб 1-иловага мувофиқ;
сиртқи таълим шаклига – 26 095 нафар этиб 1а-иловага мувофиқ;
кечки таълим шаклига – 3 725 нафар этиб 1б-иловага мувофиқ;
масофавий таълим шаклига – 3 410 нафар этиб 1в-иловага мувофиқ;
б) магистрлар тайёрлаш бўйича – 10 688 нафар этиб 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларининг кузатув кенгашларига ҳамда қабул параметрларини Васийлик кенгаши қарори билан тасдиқлаш ваколати берилган олий таълим ташкилотларига тегишли қабул параметрларини 2022 йил 20 июнга қадар тасдиқлаш тавсия этилсин.
3. Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссияси беш кун муддатда 2022/2023 ўқув йили учун:
соғлиқни сақлаш, халқ таълими, ветеринария, тиббий-ижтимоий хизматлар соҳаларида олий маълумотли кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун давлат буюртмаси параметрларининг давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида манфаатдор вазирлик ва идораларнинг буюртмаларига мувофиқ мақсадли қабул параметрларининг туман (шаҳар)лар кесимидаги тақсимотини;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тизимида олий таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идораларнинг таклифлари асосида давлат буюртмаси параметрларининг таълим тиллари бўйича тақсимотини тасдиқласин ва эълон қилсин.
4. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бир ой муддатда:
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда 2022/2023 ўқув йилида янги киритилаётган бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари бўйича Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига белгиланган тартибда ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин;
давлат олий таълим муассасаларида янги киритилаётган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг малака талаблари, ўқув режалари ҳамда фан дастурларининг ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин.
5. Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 15 июнь