Автомобиль бозорининг барча сегментларида фаоллик ошди
Иккиламчи бозорга енгил автомобиллар бўйича жами савдоларнинг тахминан 61 фоизи тўғри келди. Шу билан бирга, иккиламчи бозордаги ўсиш суръати (16 фоиз) бирламчи бозордаги савдолар ўсишидан (11 фоиз) юқори бўлди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон автомобиль бозоридаги фаоллик динамикасини мунтазам таҳлил қилиб боради. Таҳлил автомобиль бозорининг асосий сегментлари ҳамда ҳудудлар кесимидаги ўзгаришларни қамраб олади. Июнь ойи якунларига кўра, автотранспорт воситалари савдоси 80,2 мингтадан ошди, бу май ойига нисбатан 18 фоиз кўпдир.

Июнь ойида республиканинг аксарият ҳудудларида автотранспорт воситалари савдоси ошди. Ўтган ойга нисбатан бироз пасайиш фақат Жиззах вилоятида 2,2 фоиз қайд этилди.
Энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё (33,7 фоиз) ва Хоразм (32,6 фоиз) вилоятларида, шунингдек, Сирдарё (29 фоиз), Самарқанд (28,3 фоиз), Қашқадарё (26,2 фоиз) ва Андижон (26 фоиз) вилоятларида кузатилди.
Тошкент шаҳрида автотранспорт воситалари савдоси бир ойда 9 фоизга ошиб, 17,9 мингтани ташкил этди.

Июнь ойида енгил автомобиллар савдоси 61,4 мингтани ташкил этиб, май ойига нисбатан 14 фоизга ошди.
Янги енгил автомобиллар савдоси ҳажми 11 фоизга ошиб, 24 мингтани ташкил этди. Ўсишнинг асосий қисми маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳиссасига тўғри келди. Уларнинг савдоси 12 фоизга ошиб, 18,8 мингтага етди.
Хорижда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси 5,1 мингтани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан қарийб 7 фоизга юқори бўлди.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, янги енгил автомобиллар савдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 фоизга ўсиб, 157 мингтани ташкил этди.
Июнь ойида фойдаланилган енгил автомобиллар савдоси 16 фоиздан ортиққа ошиб, 37 мингтадан ошди.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида иккиламчи бозорда енгил автомобиллар савдоси қарийб 240 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга камайди.

Июнь ойида бирламчи ва иккиламчи бозорларда электромобиллар савдоси 8,4 мингтани ташкил этиб, жорий йилнинг май ойига нисбатан 63,5 фоизга ошди.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида 40 мингдан ортиқ электромобиль сотилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга кўп.
Республиканинг аксарият ҳудудларида бозор фаоллиги ошди. Пасайиш фақат Сирдарё вилоятида 2,9 фоиз қайд этилди.
Энг юқори ўсиш суръатлари Жиззах вилоятида 101 фоиз, Бухоро вилоятида 64,6 фоиз ва Фарғона вилоятида 58,5 фоизни ташкил этди.
Электромобиллар савдосининг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келмоқда. Июнь ойида пойтахт улуши бозор умумий ҳажмининг қарийб 63 фоизини ташкил этди. Савдолар май ойига нисбатан 78 фоизга ошиб, 5,3 мингтага етди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА