Хонадонлар, юзлаб объектлар ўрганилди, кўплаб камчиликлар бартараф этилди
Сирдарё вилоятида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган «Долзарб 60 кун» профилактик тадбирлари изчил давом этмоқда. Қисқа вақт ичида ўн минглаб хонадонлар, юзлаб ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектлари ўрганилди, минглаб камчиликлар бартараф этилди. Ёнғин хавфсизлиги талабларини қўпол равишда бузган масъул шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилди. Бу рақамлар ортида эса битта эзгу мақсад мужассам — инсон ҳаёти, саломатлиги ва мол-мулкини ишончли муҳофаза қилиш.
— Мамлакатимизда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда жорий йилнинг 5 июлидан 5 сентябрига қадар республика бўйлаб «Долзарб 60 кун» профилактик тадбирлари ўтказилмоқда. Мазкур тадбирлар Бош вазир раҳбарлигида 2026 йил 6 июль куни ўтказилган йиғилишнинг 125-сонли баёни ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирининг 252-сонли фармойиши асосида ташкил этилди, — дейди Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Хуршид Садиров.
Унинг таъкидлашича, мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг тегишли қарори қабул қилиниб, шаҳар ва туманларда махсус штаблар ташкил этилди. Бугунги кунда барча куч ва воситалар профилактика ишларини янада кучайтиришга сафарбар қилинган.
[gallery-30642]
— Тадбирлар доирасида энг аввало аҳоли яшаш уйларида электр энергияси ва табиий газдан хавфсиз фойдаланиш ҳолати ўрганилди. Шу кунга қадар 35 минг 197 та якка тартибдаги уй-жой, 621 та кўп қаватли турар жой ҳамда 13 минг 846 та хонадон кўздан кечирилди. Ўрганишлар натижасида 2716 та камчилик аниқланиб, уларнинг 2344 таси, яъни 86,3 фоизи жойида бартараф этилди, — дейди бошқарма бошлиғи.
Талабалар турар жойлари ҳам алоҳида назоратга олинди. Вилоятдаги барча 9 та талабалар турар жойи тўлиқ ўрганилиб, аниқланган 49 та камчиликнинг 46 таси қисқа муддатда бартараф этилди.
Профилактик тадбирлар стратегик аҳамиятга эга объектларни ҳам қамраб олди. Ўта муҳим ва тоифаланган объектлар, ёниш-портлаш хавфи юқори бўлган ишлаб чиқариш корхоналари, кимёвий моддалар сақланадиган омборлар, энергетика иншоотлари, нефть маҳсулотлари базалари, газ тўлдириш шохобчалари ва бошқа саноат объектларида юзлаб ўрганишлар ҳамда ёнғин-техник текширувлар ўтказилди.
Бу жараёнларда 1339 та камчилик аниқланиб, уларнинг 932 таси бартараф этилди. Ёнғин хавфсизлиги талабларини қўпол равишда бузган 55 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарима қўлланилди. Шунингдек, инсонлар ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин бўлган 26 та объект фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Таълим муассасалари, мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, олий таълим муассасалари ҳамда соғлиқни сақлаш объектларида ўтказилган текширувлар ҳам кенг қамровли бўлди. Улар давомида 1620 та камчилик аниқланиб, шундан 1187 таси бартараф этилди. Қонун талабларини қўпол равишда бузган 139 нафар масъул шахс маъмурий жавобгарликка тортилди, хавфли деб топилган 25 та объект фаолияти эса вақтинча чекланди.
Ёзги таътил мавсумида болалар оромгоҳлари, санаторийлар ва соғломлаштириш масканларида ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Вилоятдаги 25 та дам олиш маскани тўлиқ ўрганилиб, масъулларга аниқ кўрсатмалар берилди ҳамда амалий машғулотлар ташкил этилди.
Шунингдек, ўрмон хўжаликлари, қурилиш майдонлари, бозорлар, савдо мажмуалари, одамлар гавжум жойлар ва тест синовлари ўтказиладиган объектларда ҳам профилактика ишлари изчил олиб борилди. Айниқса, қурилиш объектларида хавф туғдирган 31 та носоз электр мосламаси электр тармоғидан узилиб, хавфсизлик талабларини бузган мансабдор шахсларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилди.
— «Долзарб 60 кун» тадбирлари фақат текширувлар билан чекланиб қолмаяпти. Маҳаллаларда, таълим муассасаларида, ишлаб чиқариш корхоналарида юзлаб профилактик учрашувлар, амалий машғулотлар ва эвакуация машқлари ташкил этилмоқда. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидалари кенг тарғиб этилмоқда, — дейди Хуршид Садиров.
Эътиборлиси, ҳар бир бартараф этилган камчилик ортида эҳтимолий фожианинг олди олингани, ҳар бир профилактик тадбир замирида эса инсон ҳаёти ва саломатлигини асрашдек улуғ мақсад мужассам.
«Долзарб 60 кун» тадбирлари изчил давом этмоқда. Бу эса хавфсизлик — фақат бир ташкилотнинг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий масъулияти эканини яна бир бор тасдиқлайди. Зеро, ёнғиннинг олдини олиш унинг оқибатларини бартараф этишдан кўра осон, самарали ва энг муҳими, инсон ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА