Ёшлар ташаббуси — Республика комиссияси эътиборида
Президентимиз томонидан ёшлар сиёсати самарадорлигини янада ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда замонавий таълим имкониятларини кенгайтириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижроси доирасида Сирдарё вилоятида амалий ўрганишлар изчил давом этмоқда.
Шу муносабат билан Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор Алишер Саъдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Гулистон туманида бўлиб, маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизими, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда ёшлар учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишди.

Дастлаб ишчи гуруҳ «Мустақиллик» маҳалласида яшовчи ёшлар Сарвар Қўлдошев ва Камолиддин Умирзоқов томонидан амалга оширилаётган деҳқончилик лойиҳасини кўздан кечирди. Ёшлар 50 сотих ер майдонида қовун етиштириб, мавсум якунида қарийб 50 миллион сўм даромад олган. Суҳбат давомида ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, юқори даромадли экинларни етиштириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда қишлоқ жойларда ёшлар бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Кейинги манзил «Дўстлик» маҳалласида фаолият юритаётган «Action Study» ўқув маркази бўлди. 2021 йилда ташкил этилган мазкур таълим муассасасида бугунги кунда 600 нафарга яқин ёш хорижий тиллар, математика ва табиий фанлар бўйича билим олмоқда. Марказ раҳбари Шуҳратжон Султонов билан ўтказилган мулоқотда таълим сифати, ёшларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда хусусий таълим муассасаларига яратилаётган имкониятлар хусусида фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, «Кўмак» лойиҳаси доирасида Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан мазкур ўқув марказга 130 миллион сўм миқдорида 36 ой муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан фоизсиз ссуда ажратилган. Бу каби молиявий қўллаб-қувватлаш ёш тадбиркорларнинг фаолиятини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолига сифатли таълим хизматлари кўламини оширишга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Ишчи гуруҳ Фурқат маҳалласида истиқомат қилувчи ёш ҳунарманд Суҳроб Маматқулов фаолияти билан ҳам танишди. У миллий ҳунармандчилик анъаналарини давом эттирган ҳолда қовоқдан турли сувенир ва безак буюмлари тайёрлаб, уларни ички бозорда сотиш орқали даромад топмоқда. Шунингдек, тўтиқуш парвариши ва савдоси билан ҳам шуғулланиб, ўз меҳнати асосида барқарор тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган.

Ташриф давомида ёш тадбиркор Бекзод Абдумўминов томонидан ташкил этилган замонавий чорвачилик фермаси ҳам кўздан кечирилди. Фермада симментал зотли қорамоллар парвариш қилиниб, сутчилик йўналишида самарали иш олиб борилмоқда. Энг муҳими, мазкур лойиҳа маҳаллада 20 нафарга яқин ёшнинг доимий иш билан таъминланишига хизмат қилиб, уларнинг даромад манбаини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда.

Ташриф якунида маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, замонавий касб-ҳунар ва билимларни эгаллаш учун шарт-шароитларни кенгайтириш, шунингдек, ҳар бир ёшнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан масъуллар билан атрофлича фикр алмашилди.

Қайд этилганидек, бундай амалий ўрганишлар Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ёшларнинг муаммо ва эҳтиёжларини манзилли ҳал этиш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш ҳамда мамлакатимизда ёшлар сиёсати самарадорлигини янада юксалтиришга замин яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири