Ўзбекистон фармацевтика бозори таҳлил қилинди
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов IQVIA компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида компания вакиллари IQVIAнинг глобал фаолияти, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳаларида қўлланилаётган замонавий дата-аналитика ечимлари ҳамда бозорни комплекс таҳлил қилиш имкониятлари юзасидан тақдимот ўтказди.
Шунингдек, Ўзбекистон фармацевтика бозори бўйича тайёрланган таҳлилий маълумотлар тақдим этилиб, маҳаллий фармацевтика корхоналарининг бозор кўрсаткичлари, асосий тенденциялар, терапевтик йўналишлар кесимидаги ўсиш динамикаси ҳамда соҳанинг ривожланиш истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди.
Мулоқот давомида халқаро аналитик маълумотлардан самарали фойдаланиш, фармацевтика бозорининг шаффофлиги ва рақобатбардошлигини ошириш, инвестициявий жозибадорликни кучайтириш ҳамда соҳадаги истиқболли ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар замонавий дата-аналитика ва бозор таҳлили воситаларини фармацевтика саноатини стратегик ривожлантириш, самарали бошқарув қарорларини қабул қилиш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришда қўллаш юзасидан ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

Шунингдек, Абдулла Азизов Ҳиндистоннинг етакчи хусусий тиббиёт тармоқларидан бири – Apollo Hospitals Enterprise Limited (AHEL) вакиллари билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, тиббиёт муассасаларини бошқаришни халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ҳамда мазкур йўналишда илғор халқаро тажрибани жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Health Invest холдинг компанияси тизимидаги тиббиёт муассасалари фаолиятини самарали ташкил этиш, операцион бошқарувни такомиллаштириш, тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, раҳбар ва мутахассисларнинг бошқарув салоҳиятини ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Маълумот учун: Apollo Hospitals Enterprise Limited (AHEL) Ҳиндистондаги энг йирик хусусий тиббиёт тармоқларидан бири бўлиб, 73 та шифохона, 10 мингдан ортиқ ўрин фондига эга. Компания 25 мамлакатда тиббиёт муассасаларини бошқариш ва консалтинг хизматларини амалга ошириш бўйича катта халқаро тажрибага эга.
Моҳигул Қосимова, ЎзА