Хорижий фармацевтика компаниялари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилди
Президентимизнинг тадбиркорлар билан жорий йилги очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида чет эл фармацевтика компаниялари ва ишлаб чиқарувчиларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Унда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров бошчилигида муассаса раҳбарияти ва мутахассислари, шунингдек, мамлакатимизда фаолият юритувчи хорижий фармацевтика компаниялари ҳамда ишлаб чиқарувчиларининг расмий ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.
Мулоқот давомида фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг амалдаги тартиби, "Дармон" ахборот тизими орқали аризаларни электрон шаклда тақдим этиш, ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатлари, Марказ ҳузуридаги қўмиталар томонидан амалга ошириладиган экспертиза босқичлари, шунингдек, мазкур йўналишда жорий этилган янгиликлар ва амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан фикр алмашилди.
Хорижий фармацевтика компаниялари вакиллари ўз фаолияти давомида дуч келаётган айрим масалалар ҳамда рўйхатдан ўтказиш жараёнларига оид таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Уларни қизиқтирган барча саволларга Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази мутахассислари томонидан амалдаги қонунчилик асосида батафсил тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, тадбир давомида илгари сурилган таклиф ва мурожаатлар тизимли равишда ўрганилиб, уларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилиши қайд этилди. Тадбир давомида давлат органлари ва бизнес вакиллари ўртасидаги очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, соҳадаги мавжуд муаммоларни бевосита тадбиркорлар иштирокида муҳокама қилиш ҳамда уларнинг ечимларини биргаликда ишлаб чиқиш фармацевтика тармоғини ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири экани таъкидланди.
Қайд этилганидек, бундай учрашувлар Президентимизнинг тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб этиш ва қулай бизнес муҳитини яратишга қаратилган сиёсати ижросини таъминлаш билан бирга, маҳаллий ва хорижий фармацевтика компаниялари билан самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА