Мамлакатимизда кенг нишонланаётган Қурбон ҳайити кунларида турли ташкилот ва муассасалар мутасаддилари фахрий ва нуронийлар ҳолидан хабар олмоқда.
Ана шундай эзгу акция Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси вакиллари томонидан амалга оширилди.
Аслида кутубхонада яхшиликни, маърифатни, билим ва нурни, китобларни барча моддий бойликларидан устун билувчи, ҳақиқий маънодаги фидойи, садоқатли одамлар меҳнат қилади. Улар доим кўмакка шай, ўзгаларга яхшилик қилишдан завқлана оладиган, том маънодаги қалби, руҳи гўзал инсонлардир.
Миллий кутубхонада ҳам ҳаётини шу соҳага бағишлаганидан афсусланмайдиган, умрини китобларга бағишлаган мутахассислар кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг айримлари ҳозирда кексалик гаштини сурмоқда.
Қурбон хайити арафасида кекса авлод вакилларига ғамхўрлик кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Миллий кутубхонасида узоқ йиллар фаолият юритган ва ҳозирда нафақада бўлган бир гуруҳ меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди.
Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш – халқимизга хос эзгу фазилат.
Соҳада узоқ йиллар хизмат қилган фахрийлар ёшларга ўзлари хизмат қилган даври ҳақида сўзлаб берди, ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашди. Соҳанинг етук кадрлари бўлиб етишишда ўзларининг беминнат маслаҳатларини берди. Ёш кутубхоначиларга устоз бўлган бу нуронийлар доим эъзоз ва эътиборда.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири