Маълумки, яширин иқтисодиёт иқтисодиётнинг кузатилмайдиган ёки яшириладиган, ноқонуний асосга эга таркибий қисмидир. Яширин иқтисодиёт фаолият – қонунлар, тартибларни четлаб ўтган ҳолда солиқлар ва мажбурий тўловларни тўламасдан, ноқонуний фойда олишга ёки фойдани оширишга йўналтирилган ҳаракатлар мажмуасидир. Яширин иқтисодиёт жамиятда давлат бошқаруви шаклланишининг дастлабки даврларидан бошлаб мавжуд бўлиб, ҳозирги вақтга келиб дунёнинг барча мамлакатлари учун долзарб муаммога айланган. Яширин иқтисодиётнинг ривожланиши миқёслари ҳар бир мамлакатнинг ривожланиш даражаси, ундаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатига ва иқтисодиётни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш хусусиятларига боғлиқдир. Шунинг учун ҳар бир мамлакат иқтисодиётида яширин иқтисодиётнинг ўрни ва роли ҳам турличадир.
Тадқиқотлар ва кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, яширин иқтисодиётнинг кўлами ривожланган мамлакатларда бирмунча камроқ, ривожланаётган, шунингдек, бозор иқтисодиётига ўтиш мақсадида чуқур ислоҳотларни амалга ошираётган собиқ иттифоқ мамлакатларда кенгдир. Шу боисдан яширин иқтисодиётнинг моҳияти, вужудга келиш ва ривожланиш сабабларини, ижтимоий-иқтисодий тараққиётга таъсирини, унинг кўламларини кескин камайтириш, унга қарши кураш масалаларини ўрганиш, тадқиқ қилиш барча давлатлар учун долзарб аҳамиятга эга.
Яширин иқтисодий фаолият кўринмас шаклга эга бўлиб, унинг турлари доимий ўзгарувчанлик, мураккаблашиб бориш, назорат босқичларни четлаб ўтиш, турли йўналишлар орқали содир этилиши каби хусусиятларни ўзида мужассамлаштиради. Бу фаолиятни амалга оширишда эса унинг тармоқларидан бири бўлган коррупциядан фойдаланиш имкониятлари мавжуд бўлади. Коррупция ва хуфиёна иқтисодиёт ўртасида чамбарчас алоқа мавжуд бўлиб, улар маъмурий тўсиқлардан иборат умумий илдизларга эга ва иқтисодий хавфсизликка таҳдид солувчи асосий кучлар ҳисобланади.
Дунё глобал иқтисодиётининг бир қисми бўлган Ўзбекистонда ҳам иқтисодиётни эркинлаштириш ва бизнесни легаллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамасдан ҳамон яширин иқтисодий сектор юқорилигича қолмоқда. Мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда ҳам яширин иқтисодиёт тўғри ишлаётган тадбиркорларга катта тўсиқ эканлиги таъкидланди. Ўзбекистонда яширин иқтисодиётдан давлат бюджетига 30 трлн. сўм, ялпи ички маҳсулотга 135 трлн. сўм зарар етказилган. Деярли 11 мингта корхона (41 фоиз) ҳисоботларида фақат 1 кишини ишчи сифатида кўрсатган.
Яширин иқтисодиётга қарши курашиш ишлари самараси пастлигига сабаблардан бири, яширин иқтисодиёт ва иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятининг мувофиқлаштириш тизимининг йўқлиги ҳисобланади. Ҳозирда иқтисодиёт ва иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш учун масъул идоралар сони республикада 14 та бўлиб, улар фаолиятини мувофиқлаштириш тизими мавжуд эмас.
Илмий адабиётларда яширин иқтисодиётнинг пайдо бўлиши ва ривожланишида қуйидаги: иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий-сиёсий омилларни эътироф этилади.
Бунда иқтисодий омиллар: солиқ юкининг юқорилиги, мамлакат молия тизимининг инқирози ва унинг иқтисодиётга салбий таъсири, нақд пулнинг назоратсиз айланиши, хусусийлаштириш жараёнининг номукаммаллиги ва мамлакатда ҳалол рақобатнинг мавжуд эмаслиги. Бу каби омиллар ўз-ўзидан тадбиркорни сояда фаолият юритишга ундовчи ёки мажбурловчи таъсирга эга бўлади.
Ижтимоий омиллар эса: ишсизликнинг юқори даражаси, аҳоли турмуш даражасининг пастлиги, аҳоли ишсиз қисмининг ҳар қандай йўл билан даромад олишга интилиши ва ялпи ички маҳсулотнинг ижтимоий соҳаларда нотекис тақсимланиши орқали намоён бўлади. Бундан ташқари жамиятда солиқ маданиятининг тўғри шаклланмаганлиги ёки молиявий саводхонликнинг паст даражада бўлиши ҳам жамият аъзоларида нўноқ ижтимоий-иқтисодий фикрларнинг шаклланишига сабаб бўлади.
Ҳуқуқий-сиёсий омиллар эса: қонунчиликнинг номукаммаллиги, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишдаги муаммолар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларнинг ноқонуний ва жиноий иқтисодий фаолиятга чек қўйиш борасидаги ваколатлари етарли эмаслиги, иқтисодий жиноятларга қарши курашни мувофиқлаштириш механизмининг мукаммал эмаслиги, мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги тўлиқ таъминланмаганлиги, айрим фаолиятларда қатъий лицензия талаблари, бюрократик тўсиқларнинг кўплиги, савдо ва меҳнат бозори қоидаларидаги чекловлардан иборат.
Ушбу омилларнинг босқичма-босқич бартараф этилиши ҳар қайси мамлакатда яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга, коррупцияни бартараф этишга ва мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Хориж тадқиқотчилари иқтисодиётни бугунги кунда оммалашиб бораётган рақамли трансформациялар ёрдамида тараққий эттириш зарурлигини таъкидлаб келишади. Худди коррупцияни қисқартиришда рақамли технологияларнинг афзалликлари ва самаралилиги исботлангани каби, бу вазиятда ҳам замонавий усуллар ва жараёнлар яширин иқтисодиётнинг ривожланишига маълум даражада тўсқинлик қилиши мумкин.
Мамлакатимизда ҳам яширин иқтисодиёт кўламини аниқлаш ва қисқартириш бўйича кўплаб ислоҳотлар амалга оширилиб, ушбу долзарб муаммо кун тартибида бўлиб турибди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2021 йил 10 сентябрдаги “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонлари, 2022 йил 24 мартдаги “Жаҳон банки иштирокидаги “Солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикасида “Яширин иқтисодиёт” улушини қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда яширин иқтисодиётни қисқартиришга оид вазифалар аниқ белгилаб берилган.
Ўтган давр мобайнида бизнесни легаллаштириш ва солиқ юкини пасайтириш эвазига яширин иқтисодиёт ҳажмини пасайтириш мақсадида қўшилган қиймат солиқ ставкаси 3 фоизга, ижтимоий солиқ ставкаси 50 фоизга пасайтирилди. Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-тамойилларини кескин қисқартириш ва соддалаштириш бизнесни соядан чиқариш омилларидан ҳисобланади. Шу мақсадда 2024 йил 1 мартдан 7 турдаги лицензиялар бекор қилинмоқда, 12 турдаги рухсат бериш тартиблари бирлаштирилмоқда ва 3 хил фаолият тури бўйича лицензиялаш хабардор қилиш тартибига ўтқазилмоқда.
Таҳлилларимизга кўра, 2019 йилда яширин иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 52,11 фоизни ташкил этган бўлса, олиб борилган ислоҳотлар натижасида ўтган йилда унинг улуши 40 фоизгача қисқарганлигини кўришимиз мумкин. Бунда асосан 2019-2022 йилларда олиб борилган солиқ-божхона ислоҳотлари, коррупцияга қарши курашишдаги чора-тадбирлар, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган мақсадли ташаббусларнинг амалга оширилганлиги ва рақамли трансформацияларнинг кенг кўламда жорий этилаётгани сабаб бўлмоқда.
Фикримизча, қуйидаги таклифлар яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга хизмат қилади:
– солиқ божхона соҳасидаги ислоҳотларда солиқ мажбуриятларини тўлиқ бажараётган солиқ тўловчиларни рағбатлантиришнинг шаффоф тизимини йўлга қўйиш;
– солиқ ва божхона тартиб-таомилларини тўлиқ рақамлаштириш орқали бюрократик тўсиқларга барҳам бериш;
– меҳнат муносабатлари соҳасидаги норматив ислоҳотларни амалга ошириш бунда меҳнат муносабатларига оид қонун ҳужжатларининг мувофиқлигини аниқлаш учун мунтазам комплаенс-назоратни жорий қилиш;
– ходимларнинг ижтимоий таъминот тизимларини такомиллаштириш, бадаллардан қочиш учун шахсларнинг норасмий иқтисодиётда иштирок этишдан қайтарувчи чораларни қўллаш;
– меҳнат муносабатларига риоя қилмаган иш берувчилар ёки ходимларга қатъий жазо қўллаш, иш берувчиларнинг қонуний фаолият юритишини осонлаштириш учун тартиб-қоидаларни соддалаштириш, тўлиқ ва шаффоф назорат қилинувчи ходимлар бошқарув тизимини рақамлаштириш, корхоналарда KPI тизимларини жорий қилинишини рағбатлантириш ва уни адолатли фаолият юритиш механизмларини тартибга солиш;
– нақд пул билан савдо қилишда максимал чегаравий қийматни белгилаш;
шаффоф ва кузатилиши мумкин бўлган молиявий операцияларни яратиш учун блокчейн каби технологиядан фойдаланиш;
– фуқароларнинг молиявий, ҳуқуқий ва IТ саводхонлигини оширишни оммалаштириш, ОАВ ва ижтимоий тармоқ платформалари орқали яширин иқтисодиётнинг салбий оқибатларини, зарарини ва унга қарши курашишнинг афзаллигини тарғиб қилиш;
– яширин иқтисодий фаолият ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш тизими ҳуқуқий асосларини яратиш;
– хўжалик юритувчи субъектларда бухгалтерия ҳисобининг тўғри юритилишини назорат қилиш механизмларини йўлга қўйиш, бунда ички назорат қоидаларини қайта кўриб чиқиш.
Мазкур таклифларнинг амалиётга жорий этилиши яширин иқтисодиёт улушини камайтиришга хизмат қилади.
Учқун Абдуғаниев,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети катта ўқитувчиси, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори