Суғурта – молиявий йўқотишлардан ҳимояланишнинг самарали воситаси
Президентимизнинг 2024 йил 1 мартдаги “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори суғурта бозорини янада ривожлантириб, соҳани тартибга солиш ва замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали суғурта хизматларининг оммабоплиги ва сифатини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Суғурта бозорида жисмоний шахсларнинг мол-мулки хусусан, аҳоли хонадонларини суғурталаш бу мулкни кутилмаган молиявий йўқотишлардан ҳимоя қилиб, оила бюджети барқарорлигини таъминлашга, ижтимоий ҳимояни кучайтиришга кўмаклашади. Ёнғин, зилзила, сув тошқини, хонадонда газ портлаши каби бахтсиз ҳодисалар юз берганида уйни тиклаш учун суғурта полиси харажатларни қоплаб, товон пули тўлаб берилади.

Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида аҳоли хонадонларини суғурталаш хизматларини кенгайтириш ва суғурта маданиятини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган тадбирда шу ҳақда атрофлича сўз юритилди.

Унда туман ҳокими Қ.Марданов, “Кафил-суғурта” акциядорлик жамияти суғурта компанияси бошқаруви раиси ўринбосари Ф.Мўминов, суғурта хизматларини ривожлантириш департаменти менежери И.Джалилов ва бошқалар мамлакатимизда суғурта бозорини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали суғурта хизматларининг оммабоплигини, сифатини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар хусусида фикр алмашди.

Аҳоли хонадонларини суғурталаш тартиб-таомиллари, суғурта хизматларининг афзалликлари, шартлари ва кутилмаган ҳолатларда етказилган зарарни қоплаш механизмлари тушунтирилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилиб, маҳалла раисларига хонадон эгалари ўртасида суғурта хизматларини кенг тарғиб қилиш, аҳолининг хабардорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири