Ўзбекистон ва АҚШ тоғ-кон саноатида инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиради
Мамлакатимизнинг минерал-хомашё салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тоғ-кон саноати ва геология тармоқларига инвестицияларни жалб қилиш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтириш соҳани ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.
Шу мақсадда тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова АҚШнинг Миллий манфаатлар маркази (Center for the National Interest, CFTNI) делегацияси билан учрашув ўтказди.
Учрашувда саноат учун муҳим аҳамиятга эга минерал ресурслардан самарали фойдаланиш, шунингдек, тоғ-кон саноати ва геология соҳаларида инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, мулоқотда Ўзбекистоннинг минерал ресурслар базасини ривожлантириш, геологик тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ва тармоққа замонавий технологияларни жалб этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар соҳадаги мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва истиқболли инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича алоқаларни давом эттириш муҳимлигини қайд этди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА