Ўзбекистон делегацияси Германияда давлат мулкини бошқариш амалиёти билан танишди
Давлат мулкидан самарали фойдаланиш, давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини такомиллаштириш ва корпоратив бошқарув сифатини ошириш иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Бу борада халқаро тажрибани ўрганиш ва илғор бошқарув механизмларини миллий амалиётга мослаштириш алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистон делегациясининг Германия Федератив Республикасига амалий ташрифи доирасида давлат активларини бошқариш соҳасидаги илғор тажриба ўрганилди.
Ташриф доирасида делегация Германия Федерал молия вазирлигида бўлди. Вазирлик вакиллари билан учрашувда давлат активларини бошқаришнинг институционал асослари, давлатнинг мулкдор сифатидаги вазифалари ва уларни амалга ошириш механизмлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, давлат корхоналарида корпоратив бошқарув самарадорлигини оширишга бағишланган семинар ташкил этилди. Унда кузатув кенгашларининг ваколатлари, ҳисобдорлиги ва масъулияти, давлатнинг мулкдорлик функциялари билан корхоналарнинг кундалик бошқарувини ажратиш масалалари кўриб чиқилди. Германия корпоратив бошқарув кодекси (DCGK) тамойилларини Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнида қўллаш имкониятлари ҳам ўрганилди.
Делегация вакиллари Германия Федерал кўчмас мулкни бошқариш агентлиги (BImA) фаолияти билан ҳам танишди. Учрашувда агентликнинг ташкилий модели, давлат кўчмас мулкини бошқариш ва ундан самарали фойдаланиш тажрибаси муҳокама қилинди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур ташриф давлат активларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, давлат корхоналарида корпоратив бошқарув сифатини ошириш, шунингдек, шаффофлик ва ҳисобдорликни кучайтириш бўйича халқаро тажрибани ўзлаштиришга қаратилган.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА