“Ватанпарвар” ишчи гуруҳи энди Қорақалпоғистонда
Қорақалпоғистон Республикасида хизмат сафарини бошлаган Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров ишни дастлаб Ташкилотнинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси ва ўринбосарлари билан ўзаро мулоқот қилишдан бошлади.
Мулоқот давомида Ҳ.Ботиров уларга соҳани ривожлантиришга қаратилган бир қатор таклифлар берди. Жумладан, республиканинг ўқув спорт техника клублари мавжуд бўлмаган Мўйноқ, Шуманай, Қонликўл туманларида ҳам ташкилотнинг филиалларини ташкил этиш масаласини ўрганиш ва бу борада аниқ таклиф беришни топширди.
Сўнгра Ҳ.Ботиров бошчилигидаги ишчи гуруҳ Амударё, Беруний ва Тўрткўл туманларидаги ўқув спорт техника клублари (ЎСТК) фаолияти билан танишди. Жумладан, ходимлар томонидан ёшлар орасида ҳарбий-ватанпарварлик, юртга садоқат туйғуларини шакллантириш ва ривожлантириш, ҳудудларда техник ва амалий спорт турларини оммалаштириш, ёшларни касбга тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан қизиқди.



“Аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ҳарбий-ватанпарварлик ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда уларни ЎСТКларда йўлга қўйилган спорт турларига жалб қилишни ўрта мактабларнинг кичик синфлариданоқ бошлаш керак. Бунинг учун ходимлар ёшларни жалб қиладиган самарали интерактив ғоялар ва ташаббусларни ишлаб чиқишлари лозим. Бир сўз билан айтганда, ЎСТКлар ўз ҳудудларидаги барча ўрта мактабларнинг ўқувчиларини қамраб олишлари зарур”, деди Ҳ.Ботиров ва мисол сифатида бир нечта ғояларни илгари сурди.


Ҳусан Ботиров яқинда “Ватанпарвар” ташкилоти ва Ёшлар агентлиги ўртасида имзоланган меморандумга мувофиқ, жорий йилнинг 1 апрелидан республикамиз миқёсида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган муҳтож оилалар фарзандларини ЎСТКлар таркибидаги ўқув курсларида “ВС” тоифали ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича бепул ўқитилиши билан боғлиқ тайёргарликларни текширди.
Ҳ.Ботиров, шунингдек, 2021 йилги Давлат дастурининг 170-банди ижроси жараёни, яъни муҳтож оилалар фарзандларини талабгор бўлган касбларга бепул ўқитиш бўйича олиб борилаётган тайёргарлик ишлари билан қизиқди. Ишчи гуруҳ раҳбарига Беруний туманида шу мақсадда ташкил этилаётган туманлараро марказ бўйича ахборот берилди. Мазкур марказда Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида истиқомат қилаётган муҳтож оилалар фарзандлари 5 хил касбга – вулканизатор, электрик-аккумуляторчи, газ-электр пайвандчи, чилангар, автоэлектрик мутахассисликлари бўйича ўқитилиши мўлжалланмоқда.
Бундан ташқари, Беруний туманида нафақат Қорақалпоғистон Республикаси, балки қўшни Хоразм вилоятида истиқомат қилувчи муҳтож оилаларнинг фарзандлари юк ортувчи транспорт, автогидро-подъёмник, юк машинаси крани, ғилдиракли трактор, битта ковшли экскаватор бошқаруви бўйича бепул ўқитилиши режалаштирилаётган минтақавий марказ ташкил этилмоқда.
Ҳ.Ботиров ўқув курсларининг таълим методикаси, ўқитувчи ва мураббийларни танлаш тартиби, синфхоналар ва тегишли лабораторияларни жиҳозлаш, тингловчиларни ошхона ва ётоқхона билан таъминлаш борасида зарур кўрсатмалар берди.




Ҳусан Ботиров бошчилигидаги ишчи гуруҳ, шунингдек, республиканинг Қўнғирот ва Чимбой туманлари ҳамда Нукус шаҳридаги ЎСТКларда бўлди. Жойлардаги ходимларнинг ҳарбий-ватанпарварлик ва аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ёзги биатлон, ҳаво милтиғидан ўқ отиш, дуатлон, триатлон, картинг, мотокросс, автокросс, авиамодель, ракетамодель, кемамодель каби техник ва амалий спорт турларини оммалаштириш, фуқароларни ҳайдовчиликка тайёрлаш ва қайта тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлари ўрганилди.



Ишчи гуруҳ раҳбари Нукус шаҳри Ўқув спорт техника клуби ҳовлисида яқин ойлар ичида фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилаётган Қорақалпоғистон Республикаси техник ва амалий спорт турлари маркази биноси билан танишди. Ҳ.Ботиров ушбу марказ шарт-шароитлар борасида Тошкент шаҳридаги Республика техник ва амалий спорт турлари марказидан қолишмаслиги учун бор имкониятлар ишга солинишини, бироқ ўз навбатида “Ватанварвар” ташкилотининг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши янги марказга янада кўпроқ спортга қизиқувчан ёшларни жалб қилиш чораларини кўриши зарурлигини билдирди.

Ҳ.Ботиров “Ватанпарвар” ташкилотининг Хўжайли тумани Ўқув спорт техника клуби фаолияти билан танишар экан, бинонинг 25 сотихдан зиёд бўлган ҳовлисидан унумли фойдаланилмаётганини танқид остига олди. Ташкилотнинг ҳудудий мутасаддиларига ушбу ҳовлида автодром ва картодром ташкил этиш вазифасини топширди. Ишчи гуруҳ раҳбари ЎСТКлар ўқув курсларида иштирок этаётган тингловчиларга нафақат касбий таълим берилиши, балки улар орасида мунтазам ватапарварлик, Ватанга садоқат руҳидаги маънавий-маърифий тарғиботлар ҳам олиб борилиши зарурлигини таъкидлади.


Хизмат сафари давомида “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев билан учрашди. Мулоқот мобайнида Ҳ.Ботиров Вазирлар Кенгаши раисига “Ватанпарвар” ташкилотининг Қорақалпоғистон Республикаси кенгашига кўрсатилаётган амалий ёрдамлари учун миннатдорчилик билдирди. Яқинда Вазирлар Кенгаши ва “Ватанпарвар” ташкилотининг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ўртасида шериклик соҳасида ўзаро ҳамкорлик битими тузилган бўлиб, унда республикадаги ҳарбий-ватанпарварлик, спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштириш, ташкилот моддий-техник базасини ривожлантириш каби бир қатор ишларни амалга ошириш белгилаб қўйилган. Яқин ойлар ичида ишга туширилиши кутилаётан Қорақалпоғистон Республикаси техник ва амалий спорт турлари маркази учун Вазирлар Кенгаши томонидан беғараз тарзда бино ажратилиши таҳсинга сазовор. Мулоқот давомида Қаҳрамон Сариев Вазирлар Кенгаши “Ватанпарвар” ташкилотининг ҳудудий кенгаш фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди.
Сўнгра Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаш раиси Ҳусан Ботиров Мудофаа вазирлиги Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўмондони полковник Фарҳод Шерматов билан учрашди. Мулоқот чоғида республикада ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик, Ватанга садоқат руҳида тайёрлаш ҳамда уларни спортнинг техник ва амалий турларига жалб қилиш борасида икки ташкилот ҳамкорлиги масалалари келишиб олинди. Ишчи гуруҳ Нукус гарнизонида яқинда капитал таъмирдан чиққан Маънавият ва маърифат маркази, ундаги ҳарбий округ тарихи музейи, ҳарбий хизматчилар фарзандлари учун ташкил этилган фан ва спорт тўгараклари билан яқиндан танишди.



Хизмат сафари якунида Ҳ.Ботиров “Ватанпарвар” ташкилотининг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши биносида йиғилиш ўтказди. Ишчи гуруҳ раҳбари республикада 22-24 март кунлари ўтказилган ўрганишлар бўйича ўз хулосаларини билдирди. Туманларда олиб борилаётган ишлар қониқарли даражада эканлиги, бироқ фаолият талаб даражасида бўлиши учун барча йўналишлар бўйича ишларни кучайтириш, aстойдил меҳнат қилиш зарурлигини билдирди ва бу борада Наманган вилоятидаги ўқув спорт техника клублари тажрибасидан ўрнак олишга чақирди. Жойларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва ўрганиш мобайнида берилган топшириқларни сифатли бажариш бўйича масъул шахслар ва муддатлар белгиланди. Йиғилиш давомида Ҳ.Ботиров “Ватанпарвар” ташкилотининг Ўзбекистондаги барча ЎСТКлар раҳбарлари спортнинг ҳеч бўлмаганда битта тури билан мунтазам шуғулланишлари шарт эканлиги ва бу жараён “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши томонидан мониторинг қилиб борилишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раиси Ҳусан Азудинович Ботиров бошчилигидаги ишчи гуруҳ бундан аввал Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида хизмат сафарида бўлганди.
Вилоятлар бўйлаб хизмат сафарлари давом этади.
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи
“Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши Матбуот хизмати