Миллий фармацевтика маҳсулотларимиз Афғонистон бозорига жадал кириб боради
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатида қўшни мамлакатлар, хусусан, Афғонистон билан ўзаро манфаатли ва конструктив ҳамкорликни йўлга қўйиш устувор вазифага айланди. Бу жараёнда нафақат сиёсий ва логистик алоқалар, балки юқори технологик соҳа ҳисобланган фармацевтика йўналишида ҳам янги имкониятлар эшиги очилмоқда.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Қобул шаҳрига ташрифи икки давлат ўртасидаги иқтисодий дипломатиянинг муҳим халқаси бўлди. Ташриф доирасида Афғонистон соғлиқни сақлаш вазири Мавлави Нур Жалол ҳамда Дори воситалари ва озиқ-овқат хавфсизлиги бошқармаси (AFDA) раҳбарияти билан ўтказилган музокаралар соҳадаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилди.

Музокаралар марказида Ўзбекистон фармацевтика маҳсулотларининг Афғонистон бозорига киришидаги техник тўсиқлар турди. Хусусан, дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш жараёнларининг узоқ давом этаётгани маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз учун асосий қийинчилик сифатида қайд этилди.
Шу боис, ўзбек томони Афғонистон бозорида миллий маҳсулотлар позициясини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор стратегик таклифларни илгари сурди.
Хусусан, рўйхатдан ўтказиш тизимини соддалаштириш жараённи тезлаштиради ва дори воситаларининг афғон истеъмолчиларига етиб бориши таъминланади.
Ўзбекистон компанияларининг Афғонистондаги давлат тендерларида тўғридан-тўғри иштирокини таъминлаш орқали экспорт ҳажми кескин ошади.
Шунингдек, ҳамкорлик фақат маҳсулот сотиш билан чекланиб қолмаслиги, Ўзбекистон делегацияси афғонистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш, дори воситалари, тиббий буюмлар ва биологик фаол қўшимчалар сифатини баҳолаш тизимини такомиллаштиришда яқиндан кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Бу йўналишда икки томонлама техник ишчи гуруҳ тузилиши белгиланди. Мазкур гуруҳ юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш ва стандартларни мувофиқлаштириш билан шуғулланади.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Афғонистон фармацевтика бозори учун Ўзбекистон нафақат маҳсулот етказиб берувчи, балки ишончли ишлаб чиқариш ҳамкорига айланиши мумкин. Учрашувда ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Йирик афғон дистрибьюторлари билан тўғридан-тўғри алоқаларнинг ўрнатилиши эса етказиб бериш занжирини қисқартириш ва дори воситалари таннархини арзонлаштиришга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА