Рамозон ҳайити – меҳр-оқибат ва саховатни янада юксалтирувчи улуғ кун
20 март тонгида Жиззах вилоятидаги барча масжидларда Рамазон ҳайити намози кўтаринки руҳ, пок ният ва шукроналик туйғулари ила адо этилди. “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” шиори остида ўтган муборак кунлар ана шундай файзли ва ҳамжиҳатликка йўғрилган айём билан якун топди.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 16 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги ҳамда 2026 йил 18 мартдаги “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида вилоятда ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилди. Жиззах шаҳри ва 12 та туман маркази, 309 та маҳаллада жойлашган 169 та масжидда намозхонлар учун барча шароитлар яратилди.

Эрта тонгдан жамоат транспорти ҳаракати изчил йўлга қўйилиб, эҳтимолий тирбандликларнинг олди олинди. Ички ишлар, йўл ҳаракати хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ҳамда тез тиббий ёрдам бригадаларининг соат 5:00 дан навбатчилиги ташкил этилди. Бу эса фуқароларнинг масжидларга бемалол келиб-кетиши ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил бўлди.
Масжидлардаги маърузаларда ҳайитнинг маънавий-ахлоқий аҳамияти чуқур ёритилиб, инсонларни эзгуликка чорлаш, бағрикенгликни мустаҳкамлаш, гина-кудуратларни унутиш, эҳтиёжмандларга закот ва фитр садақаларини ўз вақтида етказиш каби фазилатлар алоҳида таъкидланди.
— Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз мўмин-мусулмонлари муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиб, рўза ибодатини адо этдилар, — деди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакилининг ўринбосари Ботирхон Рўзиев. — Рамазон ҳайити инсон қалбини поклайдиган, меҳр-оқибат ва саховатни юксалтирувчи улуғ байрамдир. Бу кунда жамоат бўлиб ибодат қилиш, бир-бирини қутлаш ва эҳсон қилиш жамиятдаги бирликни янада мустаҳкамлайди.

Муборак айём куни вилоятдаги 169 та жоме масжидида ҳайит намози ўқилиб, унда 70 мингдан ортиқ мўмин-мусулмон иштирок этди. Бу, аввало, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик, диний бағрикенглик муҳитининг амалий ифодасидир.
Жорий йилнинг Рамазон ойида вилоятдаги жами 170 та масжидда таровеҳ намозлари адо этилди. Шундан 124 тасида 200 нафардан ортиқ қори томонидан хатми Қуръон қилинди. Эътиборли жиҳати шундаки, мамлакатимиз бўйлаб таровеҳ ва хатми Қуръон ягона тартиб асосида ўтказилди. Бу эса сафарда бўлган фуқароларга ибодатни узлуксиз давом эттириш имконини яратди. Лайлатул қадр кечасида эса барча масжидларда Қуръони карим хатми якунланди.
Ҳайит намозидан сўнг юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, барча соҳаларга барака тилаб дуолар қилинди. Шунингдек, мамлакатимизда яратилган имкониятлар, осойишта ва фаровон ҳаёт учун шукроналик изҳор этилди.
Рамазон ҳайити — инсон қалбини поклайдиган, жамиятни бирлаштирадиган ва эзгуликни улуғлайдиган улуғ неъматдир.
Барчамизга Рамазон ҳайити муборак бўлсин!
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари