Рамазон ҳайити – саховат ва маънавий покланиш байрами
Бугун эрта тонгдан юртимиздаги жоме масжидларида Ҳайит намози ўқилди. Миллионлаб юртдошларимиз қалбида шукроналик билан ният қилинган бу ибодат онлари юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги учун қилинган дуоларга уланиб кетди.
Ушбу муқаддас байрам бу йил ҳар қачонгидан-да баланд руҳда, “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя остида кутиб олинди. Рамазон ойи давомида амалга оширилган кенг кўламли хайрли ишлар мазкур ғоянинг амалий тасдиғи бўлди.
Ижтимоий ҳимояни кучайтириш мақсадида “Вақф” хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм маблағ ажратилгани инсон қадрини улуғлашга қаратилган тизимли ишларнинг намунаси бўлди.

Давлат ва нодавлат ташкилотлар, Маҳаллалар уюшмаси ҳамда ҳудудлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари биргаликда кекса ва ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олдилар. Аҳоли саломатлигини асраш йўлида тиббиёт бўлинмалари олис ҳудудларгача бориб, аёллар, болалар ва нуронийларни чуқур кўрикдан ўтказди. Ҳаттоки, оғир беморларнинг операция йўли билан даволаниб, соғлом ҳаётга қайтарилгани байрам арафасида ўнлаб оилаларга ҳақиқий қувонч бағишлади.
Маънавий ҳаётимиздаги яна бир муҳим воқеа — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши бўлди. Бу маскан нафақат диний-маърифий, балки илмий ва маданий меросимизни дунёга таратувчи йирик марказ сифатида Рамазон ҳайити шукуҳига ўзгача файз қўшди.
Ушбу хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида Президент Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасида якунига етган бунёдкорлик ишлари ва яратилган шароитлар билан танишди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қайта бунёд этилган ушбу муҳташам маскан янги Ўзбекистоннинг дурдонасига айланди. Илгари бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган мажмуа эндиликда 65 минг кишини қабул қилиш қувватига эга. 45 гектар майдонда 10 минг кишилик улкан масжид, 154 устунли айвон ва 75 метрлик миноралар қад ростлади. Мажмуа таркибида Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий меросини намойиш этувчи 9 павильонли инновацион музей барпо этилди.
Президентимиз таъкидлаганидек, бу маскан нафақат зиёратгоҳ, балки ёшлар учун ислом динининг асл моҳиятини англатадиган тарбия ва ибрат мактабидир. Янги қурилган муҳташам масжидда Ҳайит намозининг адо этилиши эса эл-юртимиз учун муносиб совға бўлди.
Байрамнинг энг олижаноб ифодаси сифатида давлатимиз раҳбари томонидан афв фармони имзоланди. Унга мувофиқ, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган 392 нафар шахс афв этилди. Уларнинг 223 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилиб, оиласи бағрига қайтарилди. Афв этилганлар орасида аёллар, кексалар ва ёшларнинг борлиги жамиятимиздаги кечиримлилик муҳитини янада мустаҳкамлади. Ҳозирда ушбу шахсларнинг ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топиши учун зарур кўмаклар берилмоқда.
Бугун жоме масжидларида ўқилган Ҳайит намози халқимизни яна бир бор аҳиллик ва бирдамликка чорлади. Рамазон ойи давомида қилинган хайрли амаллар, кўрсатилган саховат ва бунёд этилган муҳташам зиёратгоҳлар жамиятимизда меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро, байрамнинг асл моҳияти ҳам шукроналик келтириш, муҳтожлар кўнглини шод этиш ва юрт тинчлигини асрашдан иборатдир.
Ушбу муборак айём ҳар бир хонадонга қут-барака ва шодлик олиб келсин.
Ҳамроз Баянов, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА