Илм-фандаги қардошлик ришталари
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро шаҳри қадимдан икки қардош халқ — ўзбек ва тожик миллатларининг дўстлик, ҳамжиҳатлик ҳамда илм-фан ва маданият маркази сифатида шаклланган ҳудуд ҳисобланади.
Бугунги кунда Бухоро давлат университети ушбу анъаналарни замонавий таълим стандартлари асосида давом эттириб, Тожикистоннинг етакчи олий таълим муассасалари билан стратегик ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
Университетнинг филология факультети таркибида ташкил этилган “Филология ва тилларни ўқитиш: тожик тили” йўналишида 50 нафар талаба таҳсил олмоқда. Ёшларга тожик тили ва адабиёти бўйича назарий ҳамда амалий билимлар тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан берилмоқда.
2024 йил Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзоданинг Бухоро давлат университетига ташрифи икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим воқеа бўлди. Университет ректори Обиджон Ҳамидов билан учрашувда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Ташриф давомида Ахборот-ресурс марказига тожик тилидаги нодир адабиётлар тақдим этилди.
[gallery-28313]
БухДУ ва Тожикистон олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик халқаро миқёсда ҳам давом этмоқда. Жумладан, “BIMO-2026” ва “BICHO-2026” халқаро олимпиадаларида тожикистонлик ёшлар фаол иштирок этди. Шунингдек, Тожикистон миллий университети доценти Шуҳрат Ражабов халқаро эксперт сифатида иштирок этган.
Университетда “Айний ворислари” халқаро электрон журнали фаолият юритиб, тожик олимларининг илмий ишларини ёритиб келмоқда. Шунингдек, Хўжанд давлат университети, Тожикистон халқаро туризм ва тадбиркорлик университети ва Панжикент давлат педагогика институти билан ҳамкорликда қўшма дастурлар, “Ёзги мактаблар” ва ERASMUS+ лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Мазкур ҳамкорлик икки қардош халқ ўртасидаги маърифий алоқаларни мустаҳкамлаб, илм-фан ва таълим соҳасида янги имкониятларни очмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА