ИИВ: Рамазон ҳайити, Наврўз айёмида хавфсизлик таъминланади (+видео)
Эртага, 20 март куни мамлакатимизда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик тимсоли бўлган муқаддас Рамазон ҳайити, 21 март куни янгиланиш ва яшариш байрами бўлган Наврўз айёми тантанали равишда нишонланади.
Ушбу йирик ва муҳим тадбирларда аҳоли хавфсизлиги қандай таъминланади? Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова шу ҳақда маълумот берди:
– Республика бўйлаб 2 мингдан ортиқ масжидда Рамазон ҳайити намозлари ўқилади. Унда минглаб фуқароларимиз ва юртимиз меҳмонлари иштироки кутилмоқда.
Наврўз байрами муносабати билан эса юртимиз бўйлаб 200 дан ортиқ майдонда халқ сайллари, маданий ва кўнгилочар тадбирлар ташкил этилади.
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу тадбирларга 20 мингдан ортиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари жалб этилади.
15 мартдан бошлаб Ички ишлар вазирлигининг марказий аппарати ҳамда ҳудудий бўлинмалари қошида жамоат хавфсизлигини мувофиқлаштириш мақсадида идоралараро тезкор штаблар ташкил этилди ва улар тун-кун фаолият олиб бормоқда.
Мазкур штаблар томонидан тадбирлар ўтказиладиган жойларда, йўл-патруль хизмати постларида, шунингдек, асосий масжидлар ва байрам майдонлари атрофида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун 2,5 мингдан ортиқ ЙҲХХ ходими жалб этилган.
Транспорт воситаларини тартибли жойлаштириш ва тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида мавжуд мингдан ортиқ автотураргоҳдан ташқари, 150 метр масофада қўшимча автотураргоҳлар ташкил этилади.
Маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда айрим ҳудудларда транспорт ҳаракатини вақтинча чеклаш чоралари кўрилмоқда. Байрам тадбирлари ўтказиладиган жойлар атрофида бетон ёки металл тўсиқлар ўрнатилади.
Байрам кунлари кўплаб фуқароларимиз Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ ва Паркент туманлари, Жиззах вилоятининг Зомин тумани, шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани каби тоғли ҳудудларга ташриф буюриши кутилмоқда. Ушбу ҳудудларда ҳам йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўшимча куч ва воситалар жалб этилади.
Байрам тадбирлари даврида электр, газ ва сув таъминоти хизматлари, шунингдек, ободонлаштириш ва бошқа масъул ташкилотлар томонидан тун-кун навбатчилик йўлга қўйилиб, улар ҳар қандай фавқулодда ҳолатларга тайёр туради.
Йўл-патруль хизмати постлари, блок-пост ва тўсиқ пунктлари, аэропортлар ва темир йўл вокзаллари, шунингдек, “Тошкент метрополитени” объектлари кучайтирилган тартибда фаолият олиб боради.
Республика бўйлаб 9 мингдан ортиқ мусулмон қабристонлари ҳудудларида, шунингдек, 200 дан ортиқ бозор ва савдо мажмуалари атрофида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қарийб минг нафар ЙҲХХ ходими жалб этилади. Қўшимча равишда жамоат тартибини таъминлаш учун ички ишлар органлари ходимлари ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларидан иборат патруль гуруҳлари шакллантирилади.
Байрам тадбирлари ўтказиладиган жойларда йўқолган болалар учун махсус хоналар ташкил этилиб, уларда инспектор-психологлар фаолият юритади.
Шубҳасиз, бундай кенг кўламли байрамларда энг муҳим масала – тинчлик, осойишталик ва хавфсизликни таъминлаш. Шу муносабат билан масъул ташкилотлар томонидан барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6Whu0aLK7rM" title="IIV: Ramazon hayiti, Navro`z ayyomida xavfsizlik ta’minlanadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Абдураимова, Ё.Мелибоев (видео), ЎзА