Тиббиётда Корея тажрибаси жорий этилади
Замонавий тиббий технологияларни жорий этиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада оширишда халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада Корея Республикаси билан йўлга қўйилган ҳамкорлик Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.
Вилоят ҳокими ўринбосари О.Султонбеков бошчилигидаги ҳудудий соғлиқни сақлаш тизими масъулларидан иборат делегация Корея Республикасининг Кёнгидо провинциясида амалий ташриф билан бўлди. Мазкур хизмат сафари доирасида делегация аъзолари Кореянинг йирик шифохоналари, тиббий марказлари ва тиббий ускуналар ишлаб чиқарувчи компаниялари фаолияти билан танишди.
Жумладан, Сент-Винсент госпитали, Корея университетининг Ансан госпитали, Шихва тиббий ўқитиш марказида замонавий тиббий технологиялар, сунъий интеллектдан фойдаланиш, роботлаштирилган онкология, илғор диагностика усуллари, юрак-қон томир касалликларини даволаш йўналишларидаги тажриба ўрганилди.

Ўрганишлар давомида ўтказилган “Кёнгидо – Ўзбекистон” MedTech бизнес-форумида Тошкент вилоятида ташкил этилаётган Нурафшон тиббий кластери тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, тиббий ускуналар ишлаб чиқарувчи компаниялар билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Музокаралар якунида тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қатор келишувларга эришилди.

Хусусан, Нурафшон шаҳридаги Кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолиятини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш, мазкур марказ учун зарур йўналишларда шифокорларни Кёнгидо провинциясининг етакчи тиббиёт муассасаларида бепул малака ошириш курсларига жалб этиш кўламини кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, кореялик тиббиёт мутахассислари иштирокида Тошкент вилоятида ўрта тиббиёт ходимлари учун сайёр ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда 2027 йилда вилоятда Кёнгидо провинциясининг етакчи тиббиёт муассасалари профессорлари иштирокида илмий-амалий конференция ўтказиш режалаштирилмоқда.

Келишувларнинг амалий ифодаси сифатида 10 сентябрь куни ўтказилган “Кёнгидо – Ўзбекистон тиббиёт истиқболлари” форуми доирасида Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Кёнгидо провинциясининг етакчи тиббиёт муассасалари ўртасида 3 та ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Эътиборлиси, айни кунларда Кореяда малака ошираётган 14 нафар ўзбекистонлик мутахассис ҳам форумда иштирок этди.
Ушбу келишувлар замонавий тиббиёт технология ва тажрибаларни вилоят соғлиқни сақлаш тизимига татбиқ этиш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА