Хотира уйғоқ бўлса, миллат ҳам уйғоқ бўлади
Тарих — шунчаки ўтмиш ҳақидаги ҳикоя эмас. У халқнинг ўзлигини англаши, ким бўлганини ва қандай синовлардан ўтганини билиши, энг муҳими, келажакка қандай қадам ташлашини белгилайдиган буюк хотира мактабидир. Айниқса, миллат тақдири, унинг маънавий уйғониши ва озод фикри учун курашган фидойи аждодлар ҳаётини ўрганиш бугунги авлод зиммасидаги муқаддас вазифадир.
Зеро, тарихда шундай инсонлар борки, уларнинг ҳаёти даврлар ўтса ҳам қалблар қатида яшайди хотирадан асло ўчмайди. Улар ўз даврида таъқиб қилинди, қамоққа ташланди, сургун қилинди, қатл этилди. Аммо уларнинг ғояларини ўлдириб бўлмади. Чунки ҳақиқатни қурол билан йўқотиб бўлмайди. Илм, маърифат, миллий ўзлик ва озодликка бўлган интилиш авлоддан-авлодга ўтиб, яна қайта бўй кўрсатади.
Бугун Бухоро давлат университетида ана шундай тарихий ҳақиқатлар, миллатимиз маънавий уйғонишининг машъалчилари ва қатағон қурбонлари тақдирига бағишланган “Жадидчилик ҳаракати ва қатағон қурбонлари: тарихий хотира ва адолатнинг тикланиши” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Анжуманни Бухоро давлат университети ректори Обиджон Хамидов кириш сўзи билан очди. Конференциянинг бош мақсади — жадидчилик ҳаракатининг миллий тарихимиздаги беқиёс ўрнини янада чуқур ўрганиш, қатағон қурбонларининг ҳаёти ва фаолиятини илмий асосда тадқиқ этиш, уларнинг халқимиз маънавий тараққиётига қўшган ҳиссасини кенг жамоатчиликка етказиш, тарихий хотирани тиклаш ва адолат тамойилларини қарор топтиришдан иборат.

Жадидлар — ўз даврининг оддий зиёлилари эмас эди. Улар миллатнинг эртанги куни ҳақида ўйлаган, илм-маърифатни тараққиётнинг энг кучли қуроли деб билган, ёш авлодни замонавий билимлар асосида тарбиялаш, миллий матбуот ва театрни ривожлантириш, хотин-қизлар таълимини кенгайтириш, жамиятни маърифат орқали ўзгартириш учун курашган фидойилар эди. Уларнинг орзуси — илмли, маърифатли, ўз тақдирини ўзи белгилай оладиган миллатни кўриш эди. Афсуски, бу эзгу мақсад йўлида улар оғир ва шафқатсиз синовларга дуч келдилар. Қатағонлар туфайли қанча-қанча олимлар, адиблар, давлат ва жамоат арбоблари, муаллимлар, маърифатпарварлар ҳаётидан айрилди. Уларнинг номлари узоқ йиллар давомида тилга олинмади, асарлари ўрганилмади, мероси авлодлардан яширилди. Аммо вақт ҳақиқатнинг энг буюк ҳаками эканини исботлади.
Бугун уларнинг номлари қайта тикланмоқда. Асарлари нашр этилмоқда. Илмий мероси ўрганилмоқда. Хотиралари эъзозланмоқда. Энг муҳими, бир пайтлар “жиноят” сифатида баҳоланган миллий маърифат ва тараққиёт ғоялари бугун халқимиз маънавий ҳаётининг ажралмас қисмига айланмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тарихий хотирани тиклаш, қатағон қурбонларининг номларини абадийлаштириш, уларнинг илмий ва маънавий меросини халққа қайтариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу жараён, аввало, давлат раҳбарининг тарихий адолатни қарор топтириш, миллий ўзлик ва маънавий меросни асрашга қаратилган ташаббуслари билан узвий боғлиқ.

Президентимиз ташаббуси билан жадидлар меросини чуқур ўрганиш, уларнинг эзгу ғояларини ёш авлод онгига сингдириш, қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зеро, ўз тарихини билган, аждодлари қандай орзу ва мақсадлар билан яшаганини англаган авлодгина бугунги тинчлик ва тараққиётнинг қадрини тўла ҳис этади.
Шу маънода, Бухоро давлат университетида ўтказилаётган республика конференцияси ҳам тарихий хотирани тиклаш ва ҳақиқатни юзага чиқариш йўлидаги муҳим илмий-маърифий қадамдир.
Анжуман доирасида университет тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейининг фаолияти, унинг тарихий хотирани асрашдаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, Абдурауф Фитратнинг ёшлар тарбиясидаги ўрни, Атоулла Хўжаевнинг ижтимоий-сиёсий фаолияти, Файзулла Хўжаевнинг давлат ва жамият тараққиётидаги ўрни ҳамда бой мероси, қатағон қилинган прокурорлар хотираси каби долзарб тарихий мавзуларда илмий маърузалар тингланмоқда.
Бу мавзуларнинг ҳар бири ортида бир инсон тақдири, бир оила қисмати, бир даврнинг фожиаси ва бутун миллатнинг кечмиши мужассам. Фитрат сингари маърифатпарварларнинг асарларини ўқиганда, уларнинг ўз даври учун қанчалар илғор фикрлаганига ҳайратланасиз. Файзулла Хўжаев каби давлат арбобларининг фаолиятини ўрганганда эса ўша мураккаб тарихий шароитда миллат манфаатини ҳимоя қилиш қанчалар катта жасорат талаб этганини ҳис этасиз.

Шу боис бугунги конференцияда янграётган ҳар бир маъруза — оддий илмий ахборот эмас. У тарихнинг сукутда қолган саҳифаларига берилган савол, унутилган тақдирларга билдирилган эҳтиром ва келажак авлод олдидаги маънавий масъулиятдир.
Тарихий хотирани тиклашнинг аҳамияти шундаки, у бизга фақат кечаги кунни эмас, бугунги кунни ҳам яхшироқ англаш имконини беради. Жадидлар бизга бир ҳақиқатни мерос қолдирган: миллатни юксалтириш учун, аввало, инсонни уйғотиш керак. Инсонни уйғотиш учун эса унга илм, маърифат ва ҳақиқат керак.
Бугун университет аудиторияларида жадидлар ҳақида сўз бораётгани, уларнинг асарлари тадқиқ этилаётгани, музейларда хотиралари эъзозланаётгани — тарихий адолатнинг тикланаётганидан далолатдир. Бу жараёнда олимлар, тадқиқотчилар, зиёлилар, журналистлар ва таълим муассасаларининг вазифаси ниҳоятда катта. Чунки илмий ҳақиқат жамоатчиликка етказилмаса, у фақат архив саҳифаларида қолиб кетиши мумкин. Тарихий хотира эса фақат китобларда эмас, авлодлар тафаккурида яшагандагина ҳақиқий кучга айланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири