Қашқадарё мактабларида хорижий педагоглар фаолияти йўлга қўйилди
Қашқадарё вилояти умумтаълим мактабларида хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш, ўқувчиларнинг амалий тил кўникмаларини ривожлантириш ва илғор халқаро тажрибани таълим жараёнига татбиқ этиш мақсадида хорижий мутахассисларни жалб қилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати берган маълумотга кўра, айни пайтда вилоятдаги мактабларда 112 нафар хорижий мутахассис фаолият юритмоқда. Уларнинг 105 нафари “Тил эгалари”, 7 нафари эса “Зўр класс” лойиҳалари доирасида таълим жараёнига жалб этилган.

Уларнинг 103 нафари инглиз, 2 нафари француз ва 7 нафари рус тилини ўқитмоқда. Хорижий педагоглар 40 дан зиёд давлатдан жалб этилган бўлиб, улар орасида Канада, Хитой, Янги Зеландия, Филиппин, Буюк Британия, Покистон, Эрон, Миср, Франция, Ҳиндистон, АҚШ ва Жанубий Африка Республикаси каби мамлакатлар вакиллари бор.
Мутахассислар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги умумтаълим мактабларида фаолият олиб бормоқда.

Масалан, филиппинлик 22 ёшли Шарлотте Тикар айни пайтда Қарши шаҳридаги 41-мактабда ўқувчиларга инглиз тилидан дарс бермоқда.
– Ўзбекистонда ишлашдан аввал Таиландда икки йил фаолият юритганман. Ҳозир эса 41-мактабда фаолият олиб бораётганимдан жуда хурсандман. Бу ерда ўқувчилар билан яхши мулоқот қиляпмиз. Дарс жараёнида уларнинг хорижий тилга бўлган қизиқишини оширишга ҳаракат қиляпман. Ишонаманки, мен таълим бераётган ўқувчилар хорижий тилларни яхши ўзлаштириб, чет элликлар билан эркин мулоқот қила олишади, – дейди Шарлотте

Хорижий педагогларнинг бевосита мактабларда ишлаши ўқувчилар учун тилни фақат дарслик асосида эмас, балки жонли мулоқот ва амалий машғулотлар орқали ўрганиш имконини кенгайтирмоқда. Дарсларда замонавий педагогик методлардан фойдаланиш, амалий машғулотлар ва тил тўгаракларини ташкил этиш, айниқса, ўқувчиларнинг сўзлашув ва коммуникатив кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбирлари