Ўзбек стартаплари Париж тажрибасини ўрганади
Стартап учун ғоянинг ўзи етарли эмас. Уни ривожлантириш, инвестор топиш, халқаро бозорга олиб чиқиш ва тўғри муҳитда синаб кўриш ҳам муҳим.
Шу маънода, дунёдаги йирик стартап марказларининг тажрибасини ўрганиш Ўзбекистондаги янги лойиҳалар учун ҳам қўшимча имкониятлар очиши мумкин.
Францияга ташриф доирасида Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Парижда жойлашган машҳур инновацион хаб — “STATION F”да бўлиб, стартаплар соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда “STATION F”нинг халқаро ҳамкорликлар бўйича раҳбари Жоанна Грюо Бюлдон билан мулоқот ўтказилиб, инновацион хабнинг ишлаш модели, стартапларни қўллаб-қувватлаш механизмлари, инкубация ва акселерация дастурлари ҳақида фикр алмашилди.

Хусусан, “STATION F”нинг кўп йиллик тажрибасини Ўзбекистон шароитида қўллаш, инновацион хабларни ривожлантириш ва самарали стартап экотизимини шакллантириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Мулоқотда ўзбекистонлик стартапларни Европа бозорига олиб чиқиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Уларни халқаро ҳамкорлар ва инвесторлар билан боғлаш, шунингдек, маҳаллий стартапларни “STATION F”нинг тегишли дастурларига жалб қилиш бўйича фикрлар билдирилди.
Томонлар инновацион экотизимни ривожлантиришда мутахассисларнинг амалий тажриба алмашинуви муҳим эканини ҳам қайд этди.
Шу асосда жорий йил 17–18 сентябрь кунлари “STATION F” томонидан ташкил этиладиган икки кунлик “Immersion Program” дастурида Ўзбекистон вакилларининг иштирок этиши бўйича келишувга эришилди.
Дастур инновацион хаблар ва стартап экотизимларини бошқарувчи мутахассислар учун амалий шаклда ташкил этилади. Унда иштирокчилар “STATION F”нинг стратегияси, молиявий модели, бошқарув тизими, ҳамкорлик механизмлари ҳамда инкубация ва акселерация дастурлари билан яқиндан танишади.
Шунингдек, инновацион хабни самарали бошқариш, стартаплар билан ишлаш, инвесторлар билан алоқаларни йўлга қўйиш ва лойиҳаларни халқаро бозорга олиб чиқиш бўйича амалий ёндашувлар ўрганилади.
Учрашув якунида стартапларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, инвесторлар билан ишлаш ва Ўзбекистонда стартап экотизимини ривожлантириш бўйича тажриба алмашинувини давом эттиришга келишиб олинди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА