“Зўравонликсиз келажак”: ёшларга ҳуқуқий тушунча берилди
Замонавий дунёда инсон қадри, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлаш нафақат ҳуқуқий, балки чуқур маърифий ва руҳий ёндашувни ҳам талаб этмоқда. Ана шундай эзгу мақсадларни кўзлаган ҳолда Ислом цивилизацияси марказида “Зўравонликсиз келажак” шиори остида “Замонавий жамиятда ижтимоий бардошлилик ва зўравонликнинг олдини олиш” мавзусида ёшлар мулоқоти ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти, Ёшлар ишлари агентлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган тадбир ҳотин-қизлар ва болаларни ҳимоя қилиш, ёшлар ўртасида ўзаро ҳурмат ҳамда зўравонликсиз муносабатлар маданиятини тарғиб этишга қаратилди.
[gallery-32640]
Унда Ёшлар парламенти аъзолари, ёш етакчилар, давлат органлари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқшунослар, психологлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизлар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ҳамда институционал асослари изчил мустаҳкамланмоқда. Жумладан, 2023 йил 11 апрелдаги ЎРҚ-829-сон Қонун билан оилавий (маиший) зўравонлик учун алоҳида маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этилди. Хавф бартараф этилмаган тақдирда, жабрланувчининг аризасига кўра ҳимоя ордерини жиноят ишлари бўйича суд томонидан бир йилгача узайтириш имконияти белгиланди. Ушбу нормалар зўравонликка ҳуқуқий баҳо бериш ва жабрланувчини давомли ҳимоялаш механизмларини кучайтирди.
Президентимизнинг 2026 йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони профилактика ва тезкор ҳимоянинг янги йўналишларини белгилади.
Хусусан, 2026 йил 1 апрелдан ҳимоя ордери берилган хотин-қизларнинг розилиги билан уларнинг қурилмаларига зўравонлик ҳақида зудлик билан хабар берувчи “СОС” функцияли “my.ihma.uz” иловасини ўрнатиш тартиби назарда тутилди. Никоҳланувчиларни зўравонликсиз оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича бепул махсус курслар билан қамраб олишни 2026 йилда 50 фоизга, 2030 йилда эса 100 фоизга етказиш мақсади қўйилди.
2026 йил 1 июлдаги ЎРҚ-1156-сон Қонун билан жабрланган хотин-қизларнинг ижтимоий ва суд орқали ҳимояси янада кучайтирилди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотларга жабрланувчилар манфаатида судларга давлат божи тўламасдан мурожаат қилиш ва суд мажлисларида қатнашиш ваколатлари берилди. Махсус марказга жойлаштирилган жабрланувчининг иш жойи сақланиши, марказда бўлган даври учун бир ойдан ошмаган муддатга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилиши белгиланди. Махсус марказларнинг жабрланувчилар ва уларнинг вояга етмаган болалари манфаатларини судда ҳимоя қилиш имкониятлари ҳам кенгайтирилди.
Дастур доирасида инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ва болалар учун хавфсиз муҳит яратишда давлат сиёсати ҳамда институционал механизмларнинг ўрни муҳокама қилинади.
Шунингдек, тадбирда маҳаллаларда ижтимоий хавф-хатарларни эрта аниқлаш, зўравонликдан жабрланган шахсларга ҳуқуқий ёрдам ва психологик кўмак кўрсатиш, масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқотнинг муҳим йўналишларидан бири рақамли хавфсизлик бўлди. Мутахассислар интернетдаги кибербуллинг, таҳдид, таъқиб ва зарарли ахборот таъсирининг олдини олиш, шахсий хавфсизликни таъминлаш ҳамда онлайн муҳитда масъулиятли хулқ-атворни шакллантириш масалаларини ёритди. Жумладан, рақамли саводхонлик ва танқидий фикрлашнинг ёшларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишдаги аҳамияти кўриб чиқилди.
Гулноза Бобоева,
Отабек Мирсоатов (сурат),
ЎзА