“Ўзархив” агентлиги: архив қонунчилигини бузган 88 нафар масъулга чора кўрилди
“Ўзархив” агентлигида брифинг бўлиб ўтди.
Унда агентлик ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев агентликда вазирлик ва идоралар, шунингдек, бошқа ташкилотларда архив ҳужжатларининг сақланиши, иш юритиш қоидаларига риоя этилиши ҳамда ушбу йўналишда ўтказилган давлат назорати тадбирлари натижалари ҳақида маълумот берди.
Қайд этилганидек, ҳар бир ташкилот фаолияти давомида шаклланадиган ҳужжатлар унинг қабул қилган қарорлари, амалга оширган ишлари ва ҳуқуқий муносабатларини тасдиқловчи муҳим манба ҳисобланади. Уларнинг тўғри расмийлаштирилиши, ҳисобга олиниши ва белгиланган талаблар асосида сақланиши фақат ташкилотнинг ички иш юритиш масаласи эмас. Бу фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат бошқарувида ҳужжатли далилларни сақлаш ҳамда Миллий архив фондини тўлдириш билан бевосита боғлиқ. Шу сабабли «Ўзархив» агентлиги томонидан ташкилотларда архив иши ва иш юритиш ҳолати устидан давлат назоратини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2026 йил 20 ноябрь ҳолатига кўра, «Ўзархив» агентлиги ва архив иши ҳудудий бошқармалари томонидан жами 328 та вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларда давлат назорати тадбирлари ўтказилди.
Уларнинг 28 таси бевосита агентлик, 300 таси эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги архив иши ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилди. Текширишлар давомида ташкилотларда архив ҳужжатларини сақлаш шароитлари, ҳужжатларни ҳисобга олиш ва тартибга келтириш, уларни давлат архивларига топшириш, шунингдек, иш юритишга оид норматив талабларга риоя этилиши ўрганилди.
Ўтказилган давлат назорати тадбирлари натижасида 328 та ташкилотга аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритилди. Шунингдек, текширишлар давомида аниқланган қонунбузилишлар юзасидан 88 нафар масъул ходимга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 215⁴-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун тегишли суд органларига юборилди. Бундан ташқари архив иши ҳудудий бошқармалари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 10 та материал тақдим этилди.
Давлат назоратининг асосий мақсади фақат қонунбузилишларни аниқлаш ёки айбдор шахсларга нисбатан чора кўришдан иборат эмас. Асосий вазифа — ҳужжатларнинг йўқолиши, шикастланиши ва улардан фойдаланиш имконияти чекланишининг олдини олиш, ташкилотларда архив ишини белгиланган талаблар асосида ташкил этишга эришиш. Шу мақсадда давлат архивлари томонидан ташкилотларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш ишлари ҳам давом эттирилмоқда.
Жумладан, давлат архивлари мутахассислари томонидан 910 та ташкилот ва корхонада 583 та ялпи ҳамда 327 та мавзули ўрганиш ўтказилиб, архив иши ва иш юритишни ташкил этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Давлат назорати тадбирлари давомида аниқланган камчиликларни таҳлил қилсак, уларнинг аксарияти ҳужжатларни сақлаш шароитлари, архив ҳисобини юритиш ва иш юритиш қоидаларига риоя этиш билан боғлиқ эканини кўрамиз.
Келгусида давлат назорати тадбирларининг натижадорлигини ошириш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича киритилган тақдимномалар ижросини назорат қилиш, қонунбузилишларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш ҳамда ташкилотларга амалий-услубий ёрдам бериш ишларига устувор аҳамият қаратилади. Айниқса, ташкилотларда идоравий архивлар фаолиятини тўғри ташкил этиш, ҳужжатларнинг сақланиш хавфсизлигини таъминлаш, уларни ўз вақтида давлат архивларига топшириш ва масъул ходимларнинг касбий малакасини ошириш масалалари доимий эътиборда бўлади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА