“Ғамхўрлик” марказидаги янги имкониятлар
Бугунги кунда ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида ногиронлиги бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашуви, қизиқиш ва қобилиятларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада “Ғамхўрлик” марказларида йўлга қўйилаётган амалий лойиҳалар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, Қарши шаҳридаги ногиронлиги бўлган болалар учун “Ғамхўрлик” марказида тарбияланувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш билан бир қаторда, уларга турли касб-ҳунар ва меҳнат кўникмаларини ўргатишга қаратилган бир қатор йўналишларда ишлар олиб борилмоқда.
Марказда тикувчилик, чорвачилик, гулчилик ҳамда иссиқхона хўжалиги каби йўналишларда амалий машғулотлар ташкил этилган. Ушбу жараёнларга 20 нафардан ортиқ тарбияланувчи жалб қилинган. Ҳар бир машғулот болаларнинг қизиқиши, имконияти ва индивидуал хусусиятларини инобатга олган ҳолда ташкил этилгани билан аҳамиятлидир.

Масалан, тикувчилик машғулотлари орқали тарбияланувчилар мато билан ишлаш, оддий тикувчилик амалларини бажариш ва турли буюмлар тайёрлашни ўрганмоқда. Матоларга безак бериш йўналишида эса ранглар уйғунлигини танлаш, майда деталлар билан ишлаш ва тақинчоқлар ясаш кўникмалари шакллантирилмоқда. Бу жараён болаларнинг нафақат амалий маҳорати, балки ижодкорлиги, диққат-эътибори ва мустақил ишлаш қобилиятини ҳам ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Гулчилик ва иссиқхона йўналишларида ташкил этилган машғулотлар ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Тарбияланувчилар ўсимликларни парваришлаш, суғориш ва уларни етиштириш қоидалари билан танишмоқда. Чорвачилик йўналиши эса уларда жониворларга ғамхўрлик қилиш, масъулиятни ҳис этиш ва кундалик меҳнат кўникмаларини шакллантиришга ёрдам бермоқда.
Бундай машғулотларнинг энг муҳим жиҳати шундаки, болалар ўзлари бажарган иш натижасини кўриш, яратган маҳсулотидан қувониш ва янги нарсаларни ўрганиш орқали ўзларига бўлган ишончни мустаҳкамлаб бормоқда. Ҳар бир кичик ютуқ улар учун янги марралар сари ташланган муҳим қадамдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур лойиҳаларнинг мақсади болаларни шунчаки касб-ҳунарга ўргатиш билангина чекланмайди. Асосий эътибор уларнинг мустақил фикрлаши, кундалик ҳаётда зарур бўладиган кўникмаларни эгаллаши, ўз имкониятларини англаши ва келажакда жамият ҳаётида фаол иштирок этишига қаратилган.
Қарши шаҳридаги “Ғамхўрлик” марказида йўлга қўйилган ушбу ташаббуслар ҳам айнан шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда. Бу ерда меҳр билан бошланган ҳар бир машғулот болаларнинг янги билим ва кўникмаларни эгаллаши, маҳоратини ошириши ҳамда мустақил ҳаёт сари дадил қадам ташлашига замин яратмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири