Ижтимоий ҳимоя соҳасида янги ёндашувлар муҳокама қилинди
Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштиришда халқаро ҳамкорлик муҳим ўрин тутмоқда. Германия билан музокаралар соҳага замонавий ечимлар ва янги имкониятлар олиб киради.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими том маънода юксалди. Бунинг самараси аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қатлами ҳаётида яққол ўз ифодасини намоён этиб бормоқда. Бунда эса халқаро тажрибалар ўта муҳим аҳамиятга эга.
Соҳани янада барқарорлаштириш ва сифат назоратини кучайтириш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ)нинг “Аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва интеграциялашувига кўмаклашиш” (PROSPI) лойиҳаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, Агентлик ва ГИЗ ўртасидаги ҳамкорлик 2023 йилдан буён давом этмоқда. Шу давр мобайнида эришилган натижалар ва истиқболдаги режалар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, ногиронликни баҳолашда ижтимоий моделга ўтиш, “Инсон” марказлари раҳбарлари малакасини ошириш, ижтимоий суғурта тизимини ривожлантириш ва рақамли ечимларни жорий этиш борасидаги ишлар юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, PROSPI лойиҳаси доирасида ижтимоий ҳимоя стратегиясини такомиллаштириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш, ижтимоий хизматларни рақамлаштириш, ижтимоий ходимларни дуал таълим асосида тайёрлаш ва ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, халқаро тажриба ва замонавий ечимларни миллий ижтимоий ҳимоя тизимига татбиқ этиш орқали аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамкорликнинг асосий мақсадини ташкил этади.
Шербек Исломов,
ЎзА