Ўзбекистон 2030 йилгача туризмни икки баробар оширади: сифат устувор
Ўзбекистон туризм соҳасида улкан мақсадлар белгилади. Бунга эришиш фақатгина рақамлар билан эмас, балки сайёҳларга кўрсатилаётган хизмат ва меҳмондўстлик сифати билан ўлчанади.
Ўзбекистонда туризм соҳасини ислоҳ қилиш, янги ёндашув ва замонавий механизмларни жорий этиш, мамлакатнинг халқаро туристик бозордаги рақобатбардошлигини ошириш мақсадида бир қатор муҳим вазифалар белгиланган. Хусусан, 2030 йилга қадар туризм соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини амалдаги 3,5 фоиздан 7 фоизгача етказиш, чет эллик туристлар сонини йилига 10 миллион нафардан 20 миллион нафаргача ошириш, жумладан, тўлов қобилияти юқори бўлган сайёҳлар оқимини кўпайтириш, туризм хизматлари экспорти ҳажмини 6 миллиард АҚШ долларидан ошириш мақсад қилинган. Шунингдек, туристик шаҳарлар ўртасидаги транспорт боғланишини яхшилаш, ички авиақатновлар сонини кўпайтириш, йўлга сарфланадиган вақтни камида уч баравар қисқартириш, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар сонини икки бараварга ошириш ҳам устувор вазифалар сирасига киради.
Ушбу мақсадларга эришишда туризм инфратузилмасини замонавийлаштириш, меҳмонхона ва жойлаштириш воситаларини кўпайтириш ва сифатли ташкил этиш, халқаро транспорт қатновларини кенгайтириш, ҳудудларда янги туристик маҳсулот ва йўналишларни шакллантириш алоҳида ўрин тутади. Шунингдек, зиёрат, маданий-тарихий, гастрономик, экотуризм, тоғ ва қишки туризм каби йўналишларни ривожлантириш орқали мамлакатнинг мавжуд туристик салоҳиятидан йил давомида самарали фойдаланиш имкониятлари кенгаяди. Бунда туристик хизматлар сифатини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, рақамли технологиялар ва замонавий бошқарув усулларини жорий этиш ҳам муҳим вазифалардан ҳисобланади. Айниқса, туристик оқимни Тошкент, Самарқанд ва Бухоро каби анъанавий марказлардан ташқари мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам йўналтириш, маҳаллий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш орқали туризмнинг ҳудудлар иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини янада ошириш мумкин.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–октябрь ойларида 11 миллион 622 минг 103 нафар чет эл фуқароси туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрган. Бу рақамлар юртимизга бўлган қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатади. Аммо масаланинг яна бир муҳим жиҳати бор: мамлакатимизга келган ҳар бир сайёҳ бу ердан қандай таассурот билан қайтмоқда? Чунки сайёҳларни мамлакатга жалб қилишнинг ўзи кифоя эмас. Аслида, туристни юртимизга таклиф этиш катта меҳнат бўлса, уни яхши таассуротлар билан кузатиш ундан-да масъулиятли. Сайёҳ сафар давомида нафақат тарихий обидалар, замонавий бинолар ёки бетакрор табиатни, балки одамлар билан мулоқот, хизмат кўрсатиш сифати, дуч келган қулайлик ва муаммоларни ҳам баҳолайди.
— Хорижлик сайёҳнинг мамлакат ҳақидаги дастлабки таассуроти аэропорт ёки вокзалданоқ шакллана бошлайди, — дейди Туризм қўмитаси мутахассиси Шерзод Султонов. — У бегона заминга қадам қўйган илк дақиқаларданоқ атроф-муҳитни ҳис қилади. Транспорт хизмати, йўл кўрсаткичлари, ахборот олиш имконияти, валюта айирбошлаш шохобчалари, санитария-гигиена шароити — буларнинг барчаси унинг дастлабки таассуротига таъсир кўрсатади. Масалан, хорижлик меҳмон шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига боришни истайди. Аммо манзилга қандай етиб олишни билмаслиги, жамоат транспортида керакли маълумотни топа олмаслиги ёки тил тўсиғига дуч келиши мумкин. Бундай вазиятда ҳатто энг гўзал манзил ҳам сайёҳ учун ноқулайлик манбаига айланади. Шу боис туризм инфратузилмасини ривожлантириш деганда фақат меҳмонхона қуриш, янги дам олиш масканларини очиш ёки тарихий обидаларни таъмирлашни тушунмаслик керак. Энг аввало, сайёҳнинг ҳаракатланиши, маълумот олиши ва кундалик эҳтиёжларини қондириши учун яхлит тизим яратиш зарур.
Бунда туристик манзилларнинг ўзаро транспорт боғлиқлиги, жамоат транспортининг қулайлиги, аэропорт ва вокзаллардан шаҳар марказлари ҳамда диққатга сазовор жойларга етиб бориш имкониятлари муҳим аҳамиятга эга. Энг муҳими, сайёҳ мамлакатимизда бўлган даврида ўзини бегона эмас, балки қадрли меҳмон сифатида ҳис қилиши керак. Зеро, сайёҳ билан мулоқотга киришадиган ҳар бир инсон мамлакатнинг ўзига хос қиёфасини намоён этади. Шу нуқтаи назардан, туризмда рақобатбардошликни белгилайдиган асосий омиллардан бири — сайёҳ учун сафарнинг бошидан охиригача қулай, хавфсиз ва узлуксиз шароит яратиш. Чунки яхши таассурот билан қайтган туристнинг яна ташриф буюриши, яқинлари ва танишларига Ўзбекистонни тавсия қилиши эҳтимоли юқори бўлади. Энг асосийси, туризмдан олинадиган иқтисодий самара фақат мамлакатга келган сайёҳлар сони билан эмас, балки уларнинг сафар давомидаги харажатлари қанчалик кўп маҳаллий хизматлар ва тадбиркорлик субъектларига йўналтирилгани билан ҳам белгиланади. Шу боис ҳар бир туристик ҳудудда меҳмонни узоқроқ қолишга ундайдиган, унинг саёҳатини мазмунли, хавфсиз ва қулай қиладиган яхлит хизматлар тизимини шакллантириш муҳим. Шунда туристик салоҳият ҳудудлар иқтисодиётининг ўсиши, янги иш ўринлари яратилиши ва аҳоли фаровонлигини оширишнинг барқарор манбаига айланади.
Мутахассис таъкидлаганидек, бугунги турист нафақат меҳмонхонадаги шароит ёки ресторандаги таом сифатини, балки ўзига кўрсатилаётган муносабат, хизматларнинг шаффофлиги ва қулайлигини ҳам баҳолайди. Масалан, хизматлар нархининг олдиндан аниқ кўрсатилиши, ҳисоб-китобларда шаффофлик, туристдан асоссиз қўшимча ҳақ талаб қилинмаслиги ва мурожаатларига тезкор муносабат билдирилиши ишончни мустаҳкамлайди. Аксинча, бундай талабларга риоя этилмаслиги нафақат бир сайёҳнинг, балки мамлакатнинг туристик имижига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун миллий меҳмондўстлик анъаналарини замонавий хизмат кўрсатиш маданияти ва халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш муҳим. Бу борада соҳада фаолият юритаётган ходимларнинг касбий малакасини ошириш, хорижий тилларни билиш даражасини яхшилаш, муомала маданиятини шакллантириш ва хизмат кўрсатишда ягона сифат мезонларига амал қилиш алоҳида аҳамиятга эга.
Хорижлик сайёҳлар Ўзбекистон ҳақида нима дейди?
Доктор Микаэл Ҳартман Тошкент, Самарқанд ва Бухорога сафаридан сўнг шундай фикр билдирган. “Ўзбекистон халқи ва тарихи менда ажойиб таассурот қолдирди. Мен бу диёрга яна қайта саёҳат қилишдан беҳад миннатдор бўламан.” У ташрифи давомида маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги, самимийлиги ва ёрдамга тайёрлигини алоҳида таъкидлаган.
2026 йил май ойида Ўзбекистонга жуфти билан 12 кечалик сафар қилган Жаянта Сен меҳмонхона ва темир йўл чипталарини брон қилиш, аэропортдан кутиб олиш, инглиз тилида сўзлашувчи гидлар ва транспорт хизмати яхши ташкил этилганини қайд этган. У маҳаллий туристик хизматлар ва ходимларнинг хушмуомалалигини алоҳида эътироф этиб, Ўзбекистонга саёҳат қилишни бошқа хорижликларга ҳам тавсия қилган.
Юртимизга ташриф буюрган германиялик сайёҳ “Uzbekistan Airways” журналига берган таассуротида маҳаллий оила уни қишлоқдаги хонадонига меҳмонга чақиргани, дастурхон ёзиб, ҳатто йўлга озиқ-овқат ҳам тайёрлаб берганини ҳикоя қилади. Унинг айтишича, ўзбек халқининг меҳрибонлиги ва беғараз ёрдами унда унутилмас таассурот қолдирган. Италиялик сайёҳ Роберта Карлс Ўзбекистонга юқори кутилмалар билан келганини, аммо сафар уни кутганидан ҳам кўпроқ ҳаяжонлантирганини ёзган. У тарихий масканлар, қулай меҳмонхоналар, яхши ташкил этилган транспорт ва маҳаллий гиднинг касбий маҳоратини эътироф этган. Ўзбекона лутф, миллий меҳмондўстлик ҳақида тўхталиб ўтган.

Дарҳақиқат, ўзбек халқи азалдан меҳмондўстлиги билан танилган. Миллатимизнинг ушбу фазилатини кўплаб хорижликлар ҳам яхши билишади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА