Зиёлилар мулоқотида муҳим ташаббуслар илгари сурилди
Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да “Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи” шиори остида вилоят зиёлилари билан мулоқот ўтказилди.
Тадбирда олимлар, профессор-ўқитувчилар, ижодкорлар ҳамда турли соҳалар вакиллари иштирок этди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ва бошқалар зиёлиларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва масъулияти, илм-фан ҳамда маърифатнинг мамлакат тараққиётидаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Мулоқотда зиёлиларнинг илмий-интеллектуал салоҳияти ва ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланиш, уларнинг ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари томонидан илм-фан, адабиёт ва санъат аҳлини қўллаб-қувватлаш, китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар қайд этилди.
Иштирокчилар жамиятда ватанпарварлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувликни таъминлаш, рақамли тараққиёт ва замонавий медиа макон, фуқаролик ўзлигини шакллантириш масалалари юзасидан фикр алмашди. Тарих ва миллий хотира, ҳуқуқий тафаккур, давлатчилик анъаналари ҳамда маънавий мерос мавзулари ҳам муҳокама марказида бўлди.
[gallery-32547]
Тадбир дастуридан еттита шўъбада ижтимоий-маънавий, иқтисодий-сиёсий ва бошқа долзарб масалаларни муҳокама қилиш, таклиф ва ташаббусларни умумлаштириш ўрин олди.
Мулоқотда илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни “Ўзбекистон зиёлилари кенгаши”нинг республика йиғилишига тақдим этиш кўзда тутилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА