Хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш долзарб вазифа
Бугунги кунда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Айниқса, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш ва келгусида такрорий зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, жабрланган шахсларга манзилли ёрдам кўрсатиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бироқ қабул қилинаётган қарор ва фармонларнинг ҳаётдаги самараси, энг аввало, уларнинг ижроси қай даражада таъминланаётгани билан белгиланади. Айни пайтда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекциянинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг фарзандларига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифати, реабилитациядан кейинги ҳолатни мониторинг қилиш ва такрорий зўравонликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар мунтазам ўрганилмоқда.
Кармана туманида олиб борилган ўрганиш жараёнида туман шифохонасида жойлашган бирламчи кўмак хонасида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандлари учун яратилган шарт-шароитлар таҳлил қилинди. Натижада мазкур хонанинг Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 июндаги “Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига ижтимоий хизматларни кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган минимал талаблар асосида тўлиқ жиҳозланмагани маълум бўлди. Жумладан, жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг фарзандлари учун зарур бўлган атир совун, шампунь, тиш пастаси ва чўткаси, ҳожатхона қоғози, шахсий гигиена воситалари, болалар учун тагликлар ҳамда сочиқлар тўплами каби зарур воситалар билан таъминлаш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаган. Шунингдек, хонага кириш қисмида кузатув камераси ўрнатилмагани, санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя этилмагани, телевизор носоз ҳолатда экани ва болалар учун мўлжалланган ўйинчоқлар тўплами мавжуд эмаслиги аниқланди.
Аслида, бирламчи кўмак хонаси шунчаки вақтинчалик жой эмас, балки ҳаётида оғир вазиятга дуч келган аёл ва унинг фарзандлари учун хавфсизлик, хотиржамлик ҳамда психологик тикланиш маскани бўлиши лозим. Шу боис бу ердаги шароитларни белгиланган талаблар асосида ташкил этиш масъул ташкилотларнинг бевосита вазифасидир.
Ўрганиш давомида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг фарзандларини реабилитациядан кейин қўллаб-қувватлаш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича мониторинг ишлари талаб даражасида ташкил этилмагани маълум бўлди.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорида белгиланган талабларга мувофиқ, жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларининг реабилитациядан кейинги ҳолати олти ой давомида ижтимоий ходимлар, профилактика инспекторлари ва бошқа масъуллар томонидан жойига чиққан ҳолда мониторинг қилиниши лозим. Бунда нафақат жабрланган шахснинг ижтимоий аҳволини ўрганиш, балки унга нисбатан такрорий зўравонлик содир этилишининг олдини олиш, зўравонликка сабаб бўлган омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Афсуски, ўрганиш натижалари мазкур йўналишда масъуллар ўртасидаги ҳамкорлик ва назорат механизмлари етарли даражада ишламаётганини кўрсатди. Бунинг оқибатида 2026 йилда хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига нисбатан тазйиқ ҳамда зўравонлик билан боғлиқ 12 та ҳолат содир этилган. Шунингдек, бир ҳолатда уйига бегона шахслар бостириб кириб, аёлни уриб, дўппослаган бўлса-да, унга ҳозирги кунга қадар ҳимоя ордери расмийлаштириб берилмагани маълум бўлди.
Аниқланган камчиликлар юзасидан Кармана тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходимлари ҳамда тегишли ташкилотлар раҳбар ва масъуллари иштирокида тушунтириш ишлари олиб борилди. Масъулларга белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, бирламчи кўмак хонасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг фарзандларини реабилитациядан кейин ҳам мунтазам қўллаб-қувватлаш ҳамда такрорий зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш зарурлиги юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Зўравонликнинг олдини олиш бу фақат бир оилани эмас, балки бутун жамиятни ҳимоя қилиш демакдир. Ҳар бир аёлнинг хавфсизлиги, ҳар бир боланинг бахтли болалиги ва ҳар бир оиланинг осойишталиги йўлидаги саъй-ҳаракатлар эса инсон қадри устувор бўлган янги жамиятни барпо этишнинг муҳим мезонидир.
Элбек Икромов,
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги
Ижтимоий инспекциянинг Навоий вилоят бошқармаси бош мутахассиси.
ЎзА