Уч соҳа – бир тамойил
“Адолат” СДП Навоий шаҳар Кенгаши томонидан “Ҳалоллик марафони: 3 соҳа - 1 тамойил” акцияси доирасида маҳалла, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари жамоалари иштирокида коррупцияга қарши курашиш, жамиятда ҳалоллик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
“Ҳалоллик марафони: 3 соҳа - 1 тамойил” акциясининг асосий мақсади таълим, соғлиқни сақлаш ва маҳалла тизимларида ҳалоллик муҳитини қарор топтириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда жамоатчиликнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришдан иборат.

Навоий шаҳридаги “Akademik Kids” давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган учрашувда таълим, соғлиқни сақлаш ва маҳалла тизимларини коррупциядан ҳоли муҳитга айлантириш, ушбу соҳаларда очиқлик, шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир давомида ҳалоллик, виждонан иш тутиш, қонунларга ҳурмат ва адолат тамойилларига амал қилишнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Коррупцияга қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки алоҳида ташкилотларнинг эмас, балки ҳар бир фуқаро ва бутун жамиятнинг умумий масъулияти экани таъкидланди.
Айниқса, болалар қалбида ёшликдан ҳалоллик, ростгўйлик, ўзаро ҳурмат ва масъулият каби юксак инсоний фазилатларни шакллантириш муҳимлиги қайд этилди. Зеро, коррупцияга муросасиз муносабат ва адолатли жамият асослари, аввало, оила ва таълим муассасаларидаги тарбиядан бошланади.

Шунингдек, акция доирасида Навоий шаҳар ОИТС маркази жамоаси билан ҳам тарғибот учрашуви ташкил этилди. Унда соғлиқни сақлаш тизимида ҳалоллик, касбий масъулият, хизмат вазифаларини виждонан бажариш, фуқаролар мурожаатларига холисона муносабатда бўлиш ҳамда тиббий хизмат кўрсатишда шаффофликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда коррупция ҳолатларининг олдини олиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, ҳар бир ходимнинг ўз фаолиятида қонун устуворлиги ва касбий этика меъёрларига амал қилиши муҳимлиги таъкидланди.
Мазкур тадбирлар партиянинг коррупцияга қарши курашиш, қонунийлик ва адолатни таъминлаш, жамиятда юксак маънавий қадриятларни қарор топтириш борасидаги ташаббусларини амалга оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири