Наманганда махсус техникаларнинг куз-қиш мавсумига шайлиги кўздан кечирилди
Наманган вилоятида куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, коммунал тизимлардаги эҳтимолий носозликларни тезкор бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида махсус техника ва транспорт воситаларининг саф кўриги ўтказилди.
Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, газ, электр ва сув таъминоти корхоналари ҳамда Наманган шаҳар ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги техникаларнинг мавсумга тайёргарлик ҳолатини кўздан кечирди.
Кўрикда техникаларнинг созлиги, фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракатланиш имкониятлари ва зарур анжомлар билан таъминлангани ўрганилди. Масъулларга коммунал соҳа ходимларини қишки махсус кийим-бош билан таъминлаш, техникаларни шай ҳолатга келтириш ҳамда аниқланган камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш юзасидан топшириқлар берилди.
Тадбирда туман ҳокимликлари ва тегишли ташкилотлар вакиллари видеоконференцалоқа орқали иштирок этди.
[gallery-32545]
Вилоят ҳокими белгиланган вазифалар ижросини барча шаҳар ва туманларда таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Аҳолига коммунал хизматларни узлуксиз етказиб бериш, мурожаатларга тезкор муносабат билдириш ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича масъулларнинг вазифалари белгилаб берилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА