Замонавий аллея фойдаланишга топширилди
Навоий вилоятининг Навбаҳор тумани Кескантерак маҳалласида аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш, ҳудуд инфратузилмасини янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Туман ҳокимлиги ташаббуси билан “Янги Ўзбекистон” қиёфасини шакллантириш ва аҳоли учун замонавий дам олиш масканини барпо этиш мақсадида ажратилган маблағлар ҳисобидан маҳаллада қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Натижада ҳудудда 6 та тадбиркорлик субъекти фаолияти йўлга қўйилиб, 40 га яқин янги иш ўрни яратилди.

Шунингдек, аҳоли ва меҳмонлар учун 2 километрлик замонавий пиёдалар йўлаги, болалар майдончаси, иккита фаввора ҳамда кечаю кундуз фаолият кўрсатадиган кўча ташкил этилди. Бунинг натижасида қарийб 10 минг нафар аҳоли учун исталган вақтда фойдаланиш имконини берувчи замонавий сайр ва ҳордиқ чиқариш маскани барпо этилди.

Болаларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ва спортга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш мақсадида спорт майдончаси, шунингдек, воиш усулида узум етиштиришга ихтисослаштирилган кўча ҳам ташкил этилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири