Зиёлилар – миллий юксалиш таянчи
Миллий ўзликни асраш, ёш авлоднинг онги ва қалбида соғлом дунёқарашни шакллантириш рақамли даврда зиёлилар олдида турган муҳим вазифалардан биридир.
Бугун давлатнинг қудрати нафақат иқтисодий салоҳияти ва замонавий технологиялари, балки жамиятнинг маънавий-интеллектуал даражаси, ёш авлоднинг дунёқараши ва миллий қадриятларга муносабати билан ҳам белгиланмоқда. Айрим Европа давлатларида ёшлар иштирокида юз бераётган ижтимоий беқарорлик ҳолатлари ҳам бу борада жиддий хулосалар чиқариш зарурлигини кўрсатади.
Ахборот оқими тобора жадаллашиб, ҳақиқат ва ёлғон ўртасидаги чегара хиралашаётган ҳозирги шароитда миллий ўзликни асраш, ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу жараёнда илм-фан, таълим, маданият ва маърифат аҳлининг ўрни беқиёс.

Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг 10–14 ноябрь кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудида — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон зиёлилари кенгаши”нинг ҳудудий йиғилишлари ўтказилди.
“Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи” шиори остида ташкил этилган ушбу мулоқотлардан кўзланган асосий мақсад зиёлиларни Ватан манфаатлари йўлида бирлаштириш, уларнинг илмий, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини мамлакат тараққиётига сафарбар этиш, ёш авлодда миллий ўзликни англаш, ватанпарварлик, мустақил фикрлаш ва мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашдан иборат.
Бугун ижтимоий тармоқларда ёлғон ахборот, дезинформация ва турли манипулятив материаллар кенг тарқалмоқда. Жамиятда ишончсизлик ва қарама-қаршиликларни келтириб чиқаришга қаратилган бундай ахборотлар, айниқса, танқидий фикрлаш кўникмаси етарли шаклланмаган инсонларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис ахборот хуружларига қарши курашда ишончли билим ва илмий асосланган ёндашув муҳим ўрин тутади.
Хўш, рақамли маконда зиёлилар фаолияти қайси йўналишларга қаратилиши лозим? Аввало, ахборот хуружларига нисбатан тезкор, холис ва илмий асосланган муносабатни шакллантириш зарур. Тарихий воқеалар бузиб талқин қилинганда ёки мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида нотўғри маълумотлар тарқатилганда, соҳа мутахассислари аниқ факт ва далилларга таянган ҳолда жамоатчиликка тушунтиришлар бериши керак. Бу нафақат ёлғон ахборотнинг таъсирини камайтиради, балки жамиятда соғлом ахборот муҳитини қарор топтиришга ҳам хизмат қилади.
Иккинчи муҳим йўналиш миллий қадриятлар ва бой маънавий меросимизни рақамли платформалар орқали кенг тарғиб этишдир. Бугун интернет маконида миллий қадриятларга зид мазмундаги чиқишлар, шунингдек, етарли билим ва малакага эга бўлмаган айрим шахсларнинг диний масалалар юзасидан нотўғри талқинлари ҳам учрамоқда. Бундай шароитда диншунослар, исломшунослар, тарихчилар, адабиётшунослар, санъат ва маданият намояндаларининг масъулияти янада ортади.
Улар миллий тарихимиз, муқаддас динимизнинг асл моҳияти, буюк аждодларимиз мероси, урф-одат ва анъаналаримизни замонавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиши лозим. Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Имом Бухорий каби буюк алломалар ҳаёти ва илмий меросига бағишланган сифатли видеолар, подкастлар, электрон таълим лойиҳалари ёшларнинг маънавий дунёқарашини бойитишда муҳим аҳамият касб этади.
Яна бир устувор вазифа ёшларда медиасаводхонлик ва танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришдир. Зеро, бугунги ёшлар нафақат ахборот истеъмолчиси, балки уни яратувчи ва тарқатувчи ҳамдир. Бироқ ҳар қандай маълумотни ҳақиқат сифатида қабул қилиш, манбалар ишончлилигини текширмаслик ёки манипулятив материалларга эргашиш турли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Шу боис педагоглар, психологлар ва олимлар ёшларга ахборотни таҳлил қилиш, унинг манбасини текшириш, холис маълумотни бирёқлама талқинлардан ажратишни ўргатиши зарур. Мактаб ва олий таълим муассасаларида медиасаводхонликка бағишланган очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари ва амалий машғулотларни кўпайтириш бу борада самарали натижа беради.
Бундан ташқари, бузғунчи ғояларга қарши маърифий ва интеллектуал муқобил яратиш ҳам муҳим. Зиёлилар ёшлар орасида зўравонлик, муросасизлик, мутаассиблик ва жамиятда бўлинишни келтириб чиқарувчи қарашларга қарши илмий, маърифий ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан асосланган материаллар тайёрлаши лозим.
Диншунослар, ҳуқуқшунослар ва социологлар ҳамкорлигида бағрикенглик, қонун устуворлиги, ўзаро ҳурмат ва диний-маърифий саводхонликни тарғиб этувчи контент яратиш бу борада муҳим аҳамиятга эга. Тошкент вилоятидаги зиёлилар йиғилишида ҳам ёт ғояларга қарши курашда маърифатнинг ўрнига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Шу билан бирга, ўзбек тилининг рақамли макондаги мавқеини мустаҳкамлаш ва миллий интеллектуал маҳсулотлар кўламини кенгайтириш зарур. Зеро, миллий тилнинг замонавий ахборот муҳитида муносиб ўрин эгаллаши унинг келажаги ва халқаро миқёсдаги нуфузи учун ҳам муҳимдир.

Ўзбек тилида сифатли электрон дарсликлар, илмий-маърифий платформалар, рақамли кутубхоналар, аудиокитоблар ва сунъий интеллект тизимлари учун миллий тил ресурсларини яратиш бу йўлдаги муҳим қадамлардир. Бу жараёнда олимлар, тилшунослар, дастурчилар, педагоглар ва ижодкорларнинг ҳамкорлиги алоҳида аҳамият касб этади.
Илм-фан ва маданият намояндалари замонавий технологияларни пухта ўзлаштириши, ижтимоий тармоқларда фаол бўлиши, энг муҳими, ёш авлод учун ишончли билим ва маърифат манбаига айланиши лозим. Чунки миллий қадриятларни асраш бугун уларни фақат анъанавий усулларда сақлаш эмас, балки рақамли авлод тилида тушунтириш ва замонавий ахборот маконида муносиб тарғиб этишни ҳам тақозо этади.
Шуҳрат Насимов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Тошкент вилояти бўлинмаси раҳбари,
ЎзА