Ватан байроғи ва чемпионлик доим ёнма-ён
Давлатимиз рамзлари, хусусан, юрт байроғи ҳақида сўз кетганда, биринчи бўлиб кўз ўнгимизда байроғимизни баланд кўтариб, ғалаба нашидасидан мағрурланаётган спортчи йигит-қизлар қиёфаси гавдаланади. Бу бежиз эмас.
Чунки юртимиз ва жаҳон спорт майдонларида мамлакатимиз спортчиларининг қўлга киритган ғалабалари Давлат байроғини даст кўтарган ҳолда, “Мен Ўзбекистон фарзандиман” деган ғурур, фахр ва ифтихор ила тантана қилинади. Ватан байроғини кўп бора кўзга тўтиё қиладиган, уни ардоқлаб ўпадиган, кўксига шараф билан тутадиган, байроқ орқали юртимизни энг кўп кўз-кўз қиладиган, танитадиган вакиллар ҳам бу — спортчиларимиз.
Ана шундай спортчи қизларимиздан бири — кураш бўйича тўрт карра Осиё ва уч карра жаҳон чемпиони Ҳилола Ортиқбоева ҳам ҳар гал ғалаба туйғусини Ватан байроғи билан биргаликда туяди. Юрт туғини юксакларга кўтариб, Ўзбекистон номини у билан биргаликда шарафлайди. Ватан байроғининг улуғворлигини, муқаддаслигини, юрт фарзандларига ҳамиша фахру ифтихор бўлишини айнан кураш майдонларидаги ғалабаларида яна бир бор ич-ичидан, бутун вужудидан ўтказган ҳолда ҳис қилади.
Ҳилоланинг миллий курашимиздаги ҳар бир ғалабаси нафақат унинг ютуғи, балки бутун мамлакатнинг ғалабаси, аёл-қиз спортчиларнинг фахри, миллий спорт туримизнинг шонли маррасидир. Бундай тарихий онларни, албатта, юрт байроғи билан ёнма-ён қарши олиш, давлат рамзи билан биргаликда ҳис қилиш ҳар бир спортчининг орзуси, энг катта мақсади ҳисобланади.

—Ҳар гал ғалабага эришганимда, ортда турган меҳнатларим, ҳаракатларим, қийинчиликларим ва албатта, биз спортчиларга кўз тикиб турган Президентим ва халқим кўз олдимга келади, — дейди Ҳилола Ортиқбоева. — Спортчи доим майдонга тушишдан олдин қаттиқ меҳнат қилади, ўз устида ишлайди ва албатта, чемпион бўлсам, дейди. Мен ҳам доим шу юксак мақсад билан ҳаракат қиламан. Яқинда Қозоғистонда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритдим. Бу анча кутилган олтин эди. Уч карра жаҳон чемпиони бўлишни, Ватанимиз номини баралла янгратишни кутиб, ният қилиб юргандим. Шу мақсадим амалга ошган вақтда жуда ҳам фахрланиб кетдим. Ўзга юртда давлатимиз мадҳияси янграши, байроғимиз баланд кўтарилиши, албатта, ҳар бир спортчини ўз Ватанидан, халқидан ғурурланишига сабаб бўлади. Ана шундай ғалаба онларида юртимиз байроғи кўзимга минг чандон кўпроқ савлатли ва мағрур кўринади, — дейди Ҳилола.

Дарҳақиқат, она Ватан байроғи нафақат спортчиларимиз, балки ҳар биримизга доим ғурур ва ифтихор бағишлайди. Унинг кўклар билан бўйлашиб ҳилпираб туриши бардавом бўлсин, деймиз. Давлатимиз байроғи бугунги ва келажак авлодлар қалбида, онгу шуурида мудом ватанпарварлик, юртдан фахрланиш ҳиссини уйғотаверсин.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА