Бир ватан, бир эл, бир байроқ!
Учқудуқда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 35 йиллиги муносабати билан “Бир эл, бир Ватан, бир байроқ” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Туманнинг рамзий дарвозаси — “Учқудуқ” стелласи майдонида бошланган тадбирда ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, корхона ва ташкилотлар мутасаддилари, ҳарбий қисм аскар ва зобитлари, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Байрам тадбирида Учқудуқ туман ҳокими Учқун Елмуратов сўзга чиқиб, байроғимизнинг қабул қилиниш тарихи, унинг рамзий маъноси ҳамда бугунги кундаги аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзи, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг халқаро тимсолидир. У мамлакатимизнинг барча давлат идоралари, таълим муассасалари, халқаро ташкилотлардаги вакилликлари ҳамда спорт майдонларида ифтихор билан ҳилпираб туриб, юртимиз шарафини, халқимизнинг ғурурини намоён этмоқда.

Тадбирда Давлат байроғи рамзий “Учқудуқ” дарвозасидан шаҳарнинг марказий кўчаси бўйлаб эҳтиром билан олиб ўтилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири