Манзилли ёрдам кўрсатиш борасида тезкор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда
Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун зарур шарт-шароит яратиш, тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Давлат раҳбари ташаббуси билан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёлларга манзилли ёрдам кўрсатиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда нафақат зўравонликнинг олдини олиш, балки ундан жабр кўрган аёлларни ҳаётга қайта мослаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва қадр-қимматини тиклаш ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Шу мақсадда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича (омбудсман) минтақавий вакили Абира Ҳусейнова “Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказида бўлиб, бу ерда истиқомат қилаётган хотин-қизлар билан учрашди.

Сайёр қабул давомида марказда вақтинча яшаб келаётган зўравонликдан жабрланган тўрт нафар аёлнинг мурожаатлари, уларни қийнаётган муаммолар ва мавжуд эҳтиёжлар ўрганилди. Ҳар бир мурожаатга алоҳида ёндашилиб, аёлларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва психологик ҳимоясини таъминлаш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашув якунида жабрланувчи аёлларни қўллаб-қувватлаш борасида уларнинг оилалари, маҳаллалари ҳамда тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Зеро, зўравонликдан жабрланган аёлни ҳимоя қилиш фақат уни хавфли муҳитдан олиб чиқиш билангина чекланмайди. Унинг руҳий ҳолатини тиклаш, ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий ҳаётга қайтариш ва келгусида мустақил ҳаёт кечириши учун шароит яратиш ҳам муҳим вазифадир. Бу эса давлат идоралари, маҳалла ва жамоатчиликнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги ҳамда манзилли ҳамкорлигини талаб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири