Миллий тараққиёт учун интеллектуал мулоқот майдони
Бугун мамлакат тараққиётини фақат иқтисодий кўрсаткичлар, янги корхоналар ёки замонавий инфратузилма билан баҳолаш етарли эмас. Бу имкониятларни рўёбга чиқарадиган асосий омил билимли, мустақил фикрлайдиган ва янгилик яратадиган инсон капиталидир. Шу боис жамиятда зиёлиларнинг ўрнини мустаҳкамлаш масаласи маънавий ҳаёт доирасидан чиқиб, давлат ва жамият тараққиётининг стратегик вазифасига айланмоқда.
Ҳозирги даврда бу вазифанинг аҳамияти янада ортди. Рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва глобал ахборот оқими инсонлар учун янги имкониятлар эшигини очаётгани баробарида, нотўғри маълумот, манипуляция ва юзаки қарашлар тарқалишини ҳам тезлаштирмоқда. Бундай шароитда ахборотни таҳлил қилиш, ишончли манбани ажратиш ва воқеаларга холис баҳо беришга ўргатувчи инсонлар зарур. Зиёлиларнинг вазифаси айнан шу нуқтада ҳам намоён бўлади.
Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор зиёлилар кенгашлари ташкил этилаётгани муҳим сиёсий-ижтимоий қадамдир. Бу жараён илмий, ижодий ва касбий салоҳият эгаларининг фикрини давлат ва жамият ҳаётидаги долзарб масалалар муҳокамасига жалб этадиган янги мулоқот механизми сифатида аҳамиятлидир. Унинг моҳияти зиёлиларни фақат маънавий тадбирлар иштирокчиси эмас, балки жамият ўзгаришларининг фаол иштирокчиси ва ғоявий йўлбошчисига айлантиришдир.
Бу ерда “зиёли” тушунчасига муносабатни ҳам аниқ белгилаб олиш зарур. Олий маълумот, илмий унвон ёки муайян касб эгаси бўлиш инсонни жамият етакчисига айлантирмайди. Зиёлилик билимни ҳаёт билан боғлаш, муаммоларни далиллар асосида кўриш, мустақил фикр билдириш ва хулоса учун масъулиятни зиммага олиш қобилиятидир. Чинакам зиёли мавжуд камчиликларни яширмайди, бироқ танқидни ҳам шунчаки эътироз даражасида қолдирмайди: унинг ортидан амалий ечим, асосланган таклиф ва жамоат манфаатига хизмат қилувчи ташаббус келади. Шу маънода, зиёлининг обрўси унинг эгаллаган мақомидан кўра, жамиятга келтирган фойдаси билан ўлчанади.
Мазкур ташаббуснинг амалий мазмуни Самарқандда ўтказилган ҳудудий йиғилиш мисолида ҳам яққол кўринди. “Янги Ўзбекистон зиёлилари – миллий юксалиш таянчи” шиори остида ташкил этилган икки кунлик мулоқотда пойтахтдан келган ва самарқандлик олимлар, академиклар, профессор-ўқитувчилар, ижодкорлар, тиббиёт ходимлари, ёш тадқиқотчилар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда миллий ўзликни асраш, ёшлар тарбияси, илм-фан ва таълимни ривожлантириш, ўзбек тили ва адабиётининг нуфузини ошириш, рақамли тараққиёт, маданият ва санъатни қўллаб-қувватлаш каби ўзаро боғлиқ ва муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Самарқанд учрашувининг ўзига хослиги турли касб вакилларини бирлаштириш билан бирга, ҳудудий ташаббусларни умуммиллий кун тартибига олиб чиқиш имконини яратганида бўлди. Муҳокамалар икки кун давомида таклифларни тинглаш ва амалий ечимлар устида ишлашга қаратилди.
Албатта, бундай мулоқотларнинг самараси билдирилган фикрлар ёки ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, уларнинг амалий натижаси билан ўлчанади. Илгари сурилган таклифлар аниқ йўналишлар бўйича тизимлаштирилиши, масъул ташкилотлар билан боғланиш, амалга ошириш муддати ва натижа мезонлари белгиланиши керак. Зиёлиларга ҳам қайси таклиф қабул қилингани, қай бири қўшимча ўрганишни талаб этиши ёки нима сабабдан амалга ошмагани ҳақида очиқ ахборот берилиши, яъни қайта алоқа бўлиши лозим. Шунда мулоқот билим ва бошқарув ўртасидаги узлуксиз ҳамкорлик тизимига айланади.
Зиёлиларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш уларга баланд мақом бериш билангина ҳал бўладиган масала эмас. Бу билим ва тажрибани қарорлар қабул қилишга жалб этиш, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва натижадорлик учун масъулият механизмларини яратишдир. Қолаверса, ушбу кенгаш жамиятнинг илғор қатлами учун муҳим мулоқот майдони ҳам бўлади. Энди асосий мезон ушбу майдонда туғилган ғояларнинг таълим сифати, илмий изланишлар, маданий муҳит ва инсонлар ҳаётида сезиларли ўзгаришларга айланишидир. Зеро, миллий тараққиётга куч берадиган тафаккур фақат илм қадрланган, фикр тингланган ва билим амалий натижага айланган жамиятдагина юксалади.
Элёр УЛУҒМУРОДОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Самарқанд вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари.
ЎзА